«Ижтимоий тармоқлар даврида ҳаёт» мавзусидаги сўровномада Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидан 1 371 нафар респондент иштирок этди. Унда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш мақсадлари, уларга сарфланадиган вақт ҳамда уларнинг ўқиш, иш ва уйқуга таъсири ўрганилган.
Тадқиқотга кўра, энг кўп фойдаланиладиган платформа Telegram бўлиб, респондентларнинг 88,9 фоизи ундан фойдаланишини билдирган. Кейинги ўринларда Instagram — 73,5 фоиз ва YouTube — 61,8 фоиз қайд этилган. Facebookдан эса 24,7 фоиз респондент фойдаланади.
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг асосий мақсади дўстлар ва оила аъзолари билан мулоқот қилиш бўлган — 69,9 фоиз. Янгиликларни кузатиш 64 фоиз, таълим олиш 43,8 фоиз, кўнгилочар контент 42,2 фоиз, даромад ва касбий мақсадлар эса 40,6 фоизни ташкил қилган.
Сўровда қатнашганларнинг 37,3 фоизи иш ёки ўқиш кунларида ижтимоий тармоқларга кунига 2 соатдан ортиқ вақт сарфлашини билдирган. 12,4 фоиз респондент эса кунига 4 соатдан кўпроқ вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказади. Дам олиш кунларида 4 соатдан ортиқ фойдаланадиганлар улуши 19,7 фоизга етган.
Респондентларнинг 33,4 фоизи ижтимоий тармоқларда керагидан кўпроқ вақт қолиб кетаётганини тан олган. Вақтини камайтиришга уринганларнинг 61 фоизи бунга эришган, 23,9 фоизи эса эриша олмаган.
Тадқиқот ижтимоий тармоқларда кўп вақт ўтказиш фақат ёшлар орасидаги муаммо эмаслигини ҳам кўрсатган. Кунига 2 соатдан ортиқ фойдаланадиганлар улуши нафақадагилар орасида 54 фоиз, уй-рўзғор ишлари билан банд респондентларда 43,7 фоизни ташкил этган. Мактаб ўқувчиларида бу кўрсаткич 27,3 фоиз, талабаларда эса 32,7 фоиз бўлган.
Шунингдек, респондентларнинг 62,2 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уйқусига таъсир қилишини билдирган. 18 ёш ва ундан катта иштирокчиларнинг 58,1 фоизи эса ижтимоий тармоқлар иш ёки кундалик вазифаларига маълум даражада халақит беришини қайд этган.
13–17 ёшли респондентларнинг 74,4 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш уйқусига таъсир қилишини билдирган. Ушбу ёш гуруҳининг қарийб тўртдан уч қисми ижтимоий тармоқлар ўқиш ёки уй вазифаларига ҳам халақит беришини қайд этган.
Сўров иштирокчилари ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда энг кўп ташвиш уйғотадиган муаммо сифатида ортиқча вақт сарфлашни — 30,1 фоиз кўрсатган. Сохта ёки ишончсиз ахборот 18,6 фоиз, фирибгарлик ва шахсий маълумотларнинг тарқалиши 13,2 фоизни ташкил қилган
Тадқиқотга кўра, респондентларнинг 8,5 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳеч қандай муаммо келтириб чиқармайди, деб ҳисоблайди.
Изоҳ