«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Маданий мерос агентлиги фаолиятига кескин муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, идора барча маданий мерос объектларини истисносиз ҳимоя қилишга ресурс йўналтирмаслиги керак.
«Тошкент марказида қандайдир эски бино бор, уни бемалол бузиш мумкин эди, аммо уни маданий мерос объекти сифатида қўриқлашяпти, у сабаб судлашишмоқда, баҳслар ва жанжаллар бўляпти. Бу ҳеч кимга керак эмас. Айтишларича, бу қайсидир рус рассомининг уйи экан. Уни олиб ташлаш керак, нима учун у бизга керак? У маданий мерос объекти сифатида биз учун қандай қийматга эга? Қандай аҳамияти бор? Уни ҳеч бўлмаганда Шоҳи Зиндага нисбатан мингдан бир даражада ҳам тенглаштириш мумкинми? Қайси рассом бўлгани ҳам муҳим эмас. Агентлик — умуминсоний қадриятлар агентлиги эмас, балки бизнинг миллий маданиятимиз агентлиги. Аввало, у эътиборини миллий маданиятимизга қаратиши керак. Сизга кўпроқ бюджет маблағлари ажратиш зарурлиги ҳақида гапирганимизда, биз бу маблағлар миллий маданиятимизни ҳимоя қилишингиз учун берилишини сўраймиз. Яъни ҳамма нарсани эмас», — деди Алишер Қодиров.
Маданий мерос агентлиги сиёсатчининг ушбу баёнотига муносабат билдирди.
«Маданий мерос объектини “бугун бизга керакми ёки керак эмасми” тамойили асосида баҳолаб бўлмайди. Бобур кўчасидаги 7-уй 1935 йилда қурилган. Эълон қилинган тарихий ва эксперт материалларига кўра, у Тошкентда фаолият юритган таниқли меъмор Алексей Викторович Щусев номи билан боғлиқ. Бироқ бинонинг тарихи фақат унинг меъмори номи билан чекланмайди. Турли йилларда бу ерда Ўзбекистон илм-фани ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган олим ва профессорлар, жумладан, академиклар Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий ва Василий Шишкин, шунингдек, Раҳим Атажонов ва Натан Маллаев каби мутахассислар яшаган», — дейилади агентлик хабарида.
Қайд этилишича, гап шунчаки эски турар жой биноси ҳақида кетмаяпти. Унинг тарихи Тошкентда XX асрда меъморчилик, илм-фан ва шаҳар маданиятининг ривожланиши билан боғлиқ. Бинонинг меъморий ечими XX асрнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳар муҳитининг шаклланиши нуқтаи назаридан тарихий қизиқиш уйғотади. Объектнинг ҳуқуқий мақоми тарихи ҳам муҳим аҳамиятга эга.
2020 йилда Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши бинога моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш масаласини маъқуллаган. 2021 йилда объектни Миллий рўйхатдан чиқариш таклифи рад этилган. Ҳозирда бино моддий маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасида.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 30 октябрдаги 1550-сонли қарори билан «UNIVERSAL PACKING MASTERS» МЧЖга ушбу манзилда жойлашган мавжуд турар жой ва нотурар жой биноларини бузиш ҳамда кўп қаватли турар жой биноси қуриш учун ер участкаси ажратилган.
Агентлик аниқлашича, мазкур қарор бинонинг моддий маданий мерос объекти сифатидаги ҳуқуқий мақоми белгиланмасидан аввал қабул қилинган.
2026 йил 5 август куни Агентликка биноларни яна Миллий рўйхатдан чиқариш бўйича мурожаат келиб тушган. 19 август куни Агентлик объектни Миллий рўйхатдан чиқариш мақсадга мувофиқ эмаслигини расман маълум қилди ҳамда 2018 йилдаги қарор билан боғлиқ ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ва қонунбузилишлар аниқланган тақдирда тегишли чоралар кўришни сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилди. Шунингдек, объектнинг сақланишини таъминлаш ва уни бузиш ёки бошқа зарар етказилишининг олдини олиш масаласи ҳам кўтарилди.
«Бу рус рассомининг уйи, у бизга нима учун керак?» деган важ янграганда, принципиал савол туғилади: инсоннинг миллати бинонинг тарихий қийматини белгилайдиган омилга қачондан бери айланди? Маданий мероснинг миллати бўлмайди.
У билан бошқа миллат вакили боғлиқ бўлгани учунгина унинг қадри камаймайди. Бундан ташқари, Тошкент тарихи — шаҳарнинг турли халқлар вакилларининг меҳнати, билими, маданияти ва ҳиссаси туфайли шаклланган тарихдир.
Шу сабабли маданий меросни миллий мансублик асосида «ўзимизники» ва «бегона»га ажратишга уриниш нотўғри ёндашувдир. Агар бугун тарихий объект қийматини унинг меъмори, рассоми, олими ёки у билан боғлиқ бошқа шахснинг миллатидан келиб чиқиб белгилай бошласак, эртага бу чегарани қаерда белгилаймиз? Бундай баёнотлар маданий меросни сақлаш масаласини ҳуқуқий ва илмий доирадан миллий қарама-қаршиликлар майдонига олиб чиқиши мумкин. Бу эса кераксиз ижтимоий кескинликни юзага келтириши мумкин», — деди Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.
Унинг сўзларига кўра, маданий меросни миллий бўлиниш мавзусига айлантириб бўлмайди. Маданий мерос бир миллатга тегишли эмас ва у билан боғлиқ шахснинг келиб чиқиши сабабли бегона бўлиб қолмайди.
«Бизнинг вазифамиз у ёки бу тарихий объект бугун кимга «керак»лигини ҳал қилиш эмас. Бизнинг вазифамиз унинг тарихий ва маданий қийматини аниқлаш ҳамда қонун ва профессионал экспертиза асосида унинг сақланишини таъминлаш. Бугун «Бу уй бизга нима учун керак?» деб сўраш мумкин, аммо эртага жамият «Сизга ишониб топширилган тарихни сақлаб қолиш учун нима қилдингиз?» деб сўраши мумкин», — деди агентлик вакили.
У, шунингдек, Агентлик бундан буён ҳам шахсий баҳолардан эмас, балки қонун, илмий экспертиза ва маданий меросни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш тамойилидан келиб чиқиб иш олиб боришини таъкидлади.
«Тошкентни ўнлаб йиллар давомида унинг қиёфасини шакллантирган турли меъморий мактаблар, илмий анъаналар ва маданиятларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Тарихнинг айрим саҳифаларини улар бошқа миллат вакиллари билан боғлиқ экани сабабли ўчириб ташлаш шаҳарнинг ўз тарихини сунъий равишда камбағаллаштириш демакдир. Шу боис савол «Бу уй бизга нима учун керак?» эмас, аввало, унинг тарихий ва маданий қиймати нимада ва қонунчиликка мувофиқ уни сақлаб қолиш учун биз нималар қилишимиз керак, деган тарзда қўйилиши лозим. Агентлик айнан шу саволга профессионал, ҳуқуқий ва илмий баҳолашга асосланган жавоб бермоқда», — дея хулоса қилди агентлик.
Изоҳ