Тошкент вилояти ҳокимининг 15 сентябрдаги қарори билан аэропорт қурилиши ҳудудида жойлашган айрим қабристонларни кўчириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Қарор Президентнинг «Янги Тошкент» халқаро аэропортини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори, «Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида»ги қонун, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хулосаси, шунингдек, санитария ва жамоатчилик талаблари асосида қабул қилинган.
Қайси қабристонлар кўчирилади?
Қуйи Чирчиқ туманида:
— «Сергели болалар» қабристони — «Сергели» маҳалласи ҳудудида;— корейс қабристони — «Сергели» маҳалласи ҳудудида.
Ўрта Чирчиқ туманида:
— «Сувон бағиш» мусулмон қабристони — «Янги йўл» маҳалласи ҳудудида;— «Қудойқул» мусулмон қабристони — «Янги йўл» маҳалласи ҳудудида;— «Қудойқул» корейс қабристони — «Янги йўл» маҳалласи ҳудудида;— «Сариқтепа» корейс қабристони — «Янги йўл» маҳалласи ҳудудида;— «Борис» рус христиан қабристони — «Янги йўл» маҳалласи ҳудудида.
Қарорда ушбу қабристонларда дафн ишлари кўп йиллар аввал тўхтатилгани қайд этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йил 10 апрелдаги хулосасига кўра, агар қабрлардаги қолдиқлар тўлиқ парчаланиб, тупроқ билан аралашиб кетган бўлса, ушбу ҳудудлар белгиланган тартибда бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин.
Шу билан бирга, қабрларни очиш вақтида суяк қолдиқлари аниқланса, улар эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан йиғилиб, бошқа қабристонларга қайта дафн этилади.
Қолдиқлар қаерга кўчирилади?
Қуйи Чирчиқ туманидаги «Сергели болалар» қабристонидан эксгумация қилинган дафнлар «Сурум» маҳалласидаги «Шардара» қабристонига кўчирилади. Сергелидеги корейс қабристонидан олинган дафнлар эса «Сергели» маҳалласидаги рус-корейс қабристонига қайта дафн этилади.
Ўрта Чирчиқ туманидаги «Сувон бағиш» ва «Қудойқул» мусулмон қабристонларидан олинган дафнлар «Янги йўл» маҳалласидаги «Зайнаб она» қабристонига кўчирилади.
«Қудойқул» ва «Сариқтепа» корейс қабристонлари ҳамда «Борис» рус христиан қабристонидан эксгумация қилинган дафнлар «Тараққиёт» маҳалласидаги корейс қабристонига қайта дафн этилади.
Кўчириш ишлари санитария-эпидемиология, экологик, архитектура, диний ва жамоатчилик талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.
Туман ҳокимликларига аҳоли ва марҳумларнинг қариндошлари билан тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда қайта дафн этиш жараёнларини диний урф-одатларга мувофиқ ташкил этиш вазифаси юклатилган.
Қабристонларни кўчириш, қайта дафн этиш ва ҳудудларни тайёрлаш ҳамда ободонлаштириш харажатлари қонунчиликда тақиқланмаган манбалар ҳисобидан қопланади. Қарорга кўра, ушбу харажатлар «Янги Тошкент» халқаро аэропортини қуриш лойиҳаси доирасидаги хусусий шерик томонидан қопланади.
Изоҳ