Аввалроқ Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар учун пенсия ёшини уч йилга ошириш таклиф қилингани ҳақида хабар бергандик. 2028 йилдан бошлаб пенсия ёшини ҳар йили уч ойга ошириб бориш ва уни эркаклар учун 63 ёш, аёллар учун 58 ёшга етказиш таклиф этилмоқда.
Ёшга доир пенсия тайинлаш учун зарур бўлган минимал меҳнат стажи босқичма-босқич оширилиб, 2034 йилга келиб 15 йилга етказилади. Пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақи даври ҳозирги 5 йилдан ҳар йили бир йилга ошириб борилиб, 20 йилга етказилади. Шунингдек, ихтиёрий пенсия жамғармаларига давлат томонидан қўшимча маблағ ажратиш таклиф қилинмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида пенсия ислоҳотини ўтказиш нима учун зарурлиги тушунтирилди.
Қайд этилишича, пенсия тизими изчил такомиллаштириб борилаётганига қарамай, унда ҳал этилиши лозим бўлган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, пенсияни ҳисоблашда фуқаронинг бутун меҳнат фаолияти давомида Пенсия жамғармасини шакллантиришдаги иштироки эмас, балки нисбатан қисқа давр — охирги 10 йил ичидаги кетма-кет 5 йиллик иш ҳақи ҳисобга олинади.
Пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси қарийб 6 млн сўмни ташкил этади. Бу эса иқтисодиётдаги ўртача иш ҳақининг амалдаги даражасидан ортда қолмоқда. Бундан ташқари, фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат стажига оид маълумотлари ҳозирча тўлиқ рақамлаштирилмаган.
Жамғариб бориладиган пенсия тизимига иш ҳақининг атиги 0,1 фоизи йўналтирилади. Шу сабабли фуқароларнинг кексалик даврида сезиларли қўшимча даромад шаклланмаяпти. Ихтиёрий жамғариб бориладиган пенсия тизимининг етарлича жозибадор эмаслиги сабабли 2025 йилда унда атиги 12,5 минг фуқаро иштирок этган.
Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг катта қисми пенсия таъминоти ва ижтимоий суғурта бўйича ҳуқуқларини шакллантирмаяпти. Ўзини ўзи банд қилганлар умумий сони 5,9 млн кишини ташкил этади. Улардан 2,9 млн нафари 2025 йилда рўйхатдан ўтган. Шу билан бирга, ижтимоий солиқни атиги 860 минг киши тўлаган.
Пенсия ёши 1993 йилда белгиланган. Ўтган давр мобайнида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 67,9 ёшдан 75,4 ёшгача ошган бўлса-да, пенсия ёши шунга мос равишда ўзгармаган.
Демографик ўзгаришлар ҳам пенсия тизимига тушаётган юкламани кучайтирмоқда. Агар 2025 йилда пенсионерларнинг аҳолининг умумий сонидаги улуши 11,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2040 йилга келиб бу кўрсаткич 15 фоизга етиши кутилмоқда.
Шу муносабат билан пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
«Ислоҳотларнинг асосий мақсади амалдаги пенсияларни қисқартириш ёки маблағларни тежаш эмас, балки фуқаронинг бутун меҳнат фаолияти, унинг расмий иш ҳақи, стажи ва тўлаган ижтимоий солиғи пенсия миқдорида адолатли акс этадиган тизимни яратишдан иборат», — дея таъкидлади вазирлик.
Кутилишича, янги тизим аҳолини ижтимоий ҳимоя билан қамраб олишни кенгайтиради ва келажак авлодлар учун барқарор ишлайди.
«Ислоҳотлар натижасида пенсия миқдорининг фуқаронинг меҳнат фаолиятига боғлиқлиги кучаяди, индивидуал, хусусий ва корпоратив пенсия жамғармалари ривожланади. Фуқароларда пенсия учун маблағ жамғариш усулларини танлаш имконияти пайдо бўлади, барча пенсия хизматлари эса электрон ва проактив шаклга ўтказилади», — дея изоҳ берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Изоҳ