• 11 797 сўм
    22.54
  • 13 608 сўм
    20.11
  • 140 сўм
    0.6
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 797 сўм
    22.54
  • 13 608 сўм
    20.11
  • 140 сўм
    0.6
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 18:05

Суд икки Ўзбекистонликка Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашгани учун ҳукм чиқарди

Уларнинг ҳар иккиси ҳам Россияда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун жазо ўтаётган вақтида урушда қатнашишга рози бўлган. Улардан бири шартнома имзолаганидан саккиз кун ўтиб яраланган ва ҳарбий госпиталдан қочиб кетган, иккинчиси эса жанговар топшириқ вақтида яраланиб, 400 минг рубль олган.

131
0
uznews.uz

Суд икки Ўзбекистонликка Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашгани учун ҳукм чиқарди.

Биринчи судланувчи — Самарқанд вилоятида туғилган 26 ёшли А.Х. Россияда гиёҳвандлик билан боғлиқ иш бўйича 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У эса героин унга атайлаб ташлаб кетилганини айтган.

2025 йил декабрь ойида Красноярскдаги колонияда жазо ўтаётган вақтида у Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома имзолаган. Унинг айтишича, унга озодликка чиқарилиши ва Россия фуқаролигини олиши ваъда қилинган. А.Х. оддий мерган-отувчи сифатида ҳарбий тайёргарликка юборилган.

Шартнома имзолаганидан саккиз кун ўтиб, у дронлар ҳужуми вақтида яраланган. Эркак Санкт-Петербургдаги ҳарбий госпиталда қарийб икки ярим ой даволанган. 2026 йил март ойи охирида госпиталдан қочиб, Москвага борган ва у ерда Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилган. Унга Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома берилган ва у юртига қайтган.

Каттақўрғон шаҳар суди А.Х.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланма аскарлик) ва 154-1-моддаси 1-қисми (хорижий давлат ҳарбий хизматига кириш) билан айбли деб топиб, умумий тартибли колонияда 3 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Иккинчи судланувчи — Ф.А. Россияда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун 8 йил 6 ойлик қамоқ жазосини ўтаётган бўлган. 2025 йил ёзида маҳбусларга озодликка чиқариш, Россия фуқаролиги ва пул тўловлари эвазига урушга бориш таклиф қилинган.

Ф.А. таклифга рози бўлиб, ҳарбий кийим, АК-74 автомати ва ўқ-дорилар олган ҳамда жанговар ҳаракатлар ҳудудига юборилган. Жанговар топшириқни бажараётган вақтида дрон портлаши оқибатида парча-ча чақиши билан яраланган. Унинг картасига урушда қатнашгани учун 400 минг рубль ўтказилган, кейинчалик унга Россия паспорти ҳам берилган.

2026 йил февраль ойида Ф.А. Ўзбекистонга қайтган. Суд уни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланма аскарлик) билан айбли деб топиб, 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

131
0

Изоҳ