Сув спортининг барча турлари бўйича халқаро федерация — World Aquatics россиялик синхрон сузишчилар Анастасия Бахтирева ва Виолетта Евенконинг спорт фуқаролигини ўзгартиришини маъқуллади.
Айни пайтда спортчилар Ўзбекистоннинг артистик сузиш бўйича миллий терма жамоаси таркибида машғулот олиб бормоқда. Улар «аёллар дуэти» дастурида иштирок этишга тайёргарлик кўрмоқда. Дуэтнинг захира таркибига Ўзбекистон терма жамоаси спортчиси Сабина Маҳмудова киритилган.
Uzbekistan Aquatics маълум қилишича, халқаро даражада тажрибали спортчилар билан ҳамкорлик миллий терма жамоанинг ривожига хизмат қилади. Хусусан, спортчилар техник мураккаблик, синхронлик, артистизм ва йирик мусобақаларга психологик тайёргарлик бўйича биргаликда ишлайди.
Анастасия Бахтирева — уч карра Европа чемпиони, икки карра Жаҳон серияси ва икки карра Дўстлик ўйинлари чемпиони.
Виолетта Евенко эса кўп карра Европа чемпиони, Жаҳон серияси чемпиони ҳамда жаҳон чемпионати ғолиби ҳисобланади.
Терма жамоа тайёргарлигига спортнинг юқори натижалар соҳасида 19 йиллик тажрибага эга мураббий Юлия Митева ҳам жалб қилинган. Унинг шогирдлари орасида жаҳон ва Европа чемпионатлари ғолиблари, шунингдек, Олимпиада чемпиони бор.
Мураббийнинг миллий терма жамоа билан ишлаши ўзбекистонлик спортчилар ва мутахассисларга халқаро даражадаги замонавий тайёргарлик усулларини ўзлаштириш имконини беради.
Терма жамоа учун яқиндаги асосий мусобақалардан бири Аичи–Нагоя Осиё ўйинлари бўлади.
Изоҳ