Мусобақа 3–10 сентябрь кунлари Кореянинг Кёнгги провинциясидаги Кванжу шаҳрида Корея армияси Махсус операция кучлари қўмондонлиги томонидан ташкил этилди. Унда 8 давлатдан жами 28 та мерганлар жамоаси иштирок этди.
Хорижий давлатлардан Ўзбекистон, БАА, Вьетнам, Мўғулистон, Туркия, Камбоджа ва Қозоғистон жамоалари қатнашган. Жанубий Корея мусобақага 15 та жамоа билан иштирок этган.
Мусобақа доирасида жами 20 та махсус тактик машқ бажарилди. Иштирокчилар кундузи ва тунда шаҳар, тоғ ва ўрмон шароитида турли масофалардаги нишонларга пистолет, автомат ва мерганлик қуролларидан аниқ ўқ узиши талаб қилинди.
Бу йилги мусобақанинг ўзига хос жиҳати шундаки, махсус ўқ отиш машқларининг ҳеч бири ўтган йилги машқларни такрорламаган. Машқ шартлари ва қоидалари эса ҳар бир босқич бошлангунига қадар иштирокчиларга маълум қилинмаган.
Шунингдек, нишонларнинг 40 фоизини ҳаракатланувчи ва ҳавода учувчи дрон нишонлари ташкил этган. Машқлар мерганларнинг кучли стресс остида диққатни жамлаши, чидамлилиги ва мураккаб шароитда ўзини бошқара олиш қобилиятини ҳам синовдан ўтказди.
Якуний натижаларга кўра, хорижий давлатларнинг 13 та мерганлар жамоаси орасида Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллади:
1-ўрин — Ўзбекистон — 678,4 балл;
2-ўрин — Вьетнам — 666,6 балл;
3-ўрин — Туркия — 471,1 балл.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа 2024 йилги мусобақада иккинчи, 2025 йилда эса биринчи ўринни қўлга киритган эди.
Мусобақа ғолиблари 11 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинади.
Изоҳ