Ўзбекистонда ўзбек тилининг такомиллаштирилган алифбосини жорий этиш ва расмий иш юритишда ягона алифбога ўтиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодиржон Жонузоқов Сенат йиғилишида маълум қилди.
Нодиржон Жонузоқов янги алифбони ишлаб чиқишда унинг рақамли технологияларга мослиги алоҳида эътиборга олинганини айтди. Хусусан, амалдаги алифбода қўлланиладиган айрим ҳарфлар, жумладан «Ў» ва «Ғ» ҳарфларидаги белгилар компьютер дастурлари ва клавиатураларда муайян қийинчиликлар келтириб чиқараётгани қайд этилди.
Департамент раҳбарига кўра, янги алифбонинг клавиатурада қўлланиши ҳам катта муаммо туғдирмайди. Компьютер клавиатураларидаги бўш тугмаларга янги ҳарфларни жойлаштириш мумкин ва бунинг учун махсус дастурий ечимлар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, айрим хусусий дастурчилар ва рақамли технологиялар билан шуғулланувчи гуруҳлар аллақачон янги алифбога ўгирувчи дастурларни ишлаб чиқишни бошлаган. Интернетда кирилл ва амалдаги лотин ёзувидаги матнларни янги алифбога автоматик ўгириш имконини берувчи дастурлар пайдо бўлган.
Нодиржон Жонузоқов мамлакатда узоқ вақт давомида икки алифбо ўртасидаги муаммо сақланиб келганини қайд этиб, янги қонун қабул қилиниши билан бу масалага чек қўйиш режалаштирилаётганини билдирди.
Қонун кучга кирганидан сўнг оммавий ахборот воситалари, давлат идоралари ва расмий иш юритишда ягона, тасдиқланган ва такомиллаштирилган алифбодан фойдаланиш талабини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Айни вақтда фуқаролар шахсий ёзишмаларда ўзлари ўрганган алифбодан фойдаланишлари мумкин бўлади. Бироқ расмий ҳужжатлар ва расмий ОАВда ягона алифбога тўлиқ ўтиш кўзда тутилмоқда.
Бунинг учун технологик инфратузилмани тайёрлаш, мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, аҳоли учун тегишли қўлланмалар ва дастурий воситалар яратиш режалаштирилган.
Изоҳ