Марказий банк 15 сентябрдан ички валюта бозорида айирбошлаш курсини шакллантириш ва эълон қилиш амалиётини такомиллаштиради. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Янги тартибга кўра, Марказий банкнинг расмий валюта курслари валюта биржасидаги ҳамда банклараро биржадан ташқари бозордаги битимларнинг ўртача тортилган курси асосида ҳисобланади.
Аввал расмий курсни ҳисоблашда валюта биржасидаги битимлар асос қилиб олинган.
Марказий банкнинг таъкидлашича, янги методика ички валюта бозоридаги операцияларни кенгроқ қамраб олиш ва расмий курсда бозорнинг жорий ҳолатини аниқроқ акс эттириш имконини беради.
Шунингдек, шанба ва якшанба кунлари, яъни ишланмайдиган кунларда, охирги иш куни якунлари бўйича эълон қилинган расмий валюта курсларини қўллаш амалиётига ўтилади.
Изоҳ