• 11 789 сўм
    4.03
  • 13 703 сўм
    7.04
  • 136 сўм
    0.35
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 789 сўм
    4.03
  • 13 703 сўм
    7.04
  • 136 сўм
    0.35
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 14:37

Тошкентда уй-жойларнинг кадастр ва бозор қиймати ўртасидаги тафовут 15 бараваргача етди

Тошкент шаҳрида ўтказилган кўчмас мулкни оммавий баҳолаш натижасида қарийб 600 мингта квартиранинг умумий қиймати 426,7 триллион сўм деб баҳоланган. Бу объектларнинг амалдаги кадастр қиймати эса 57,7 триллион сўмни ташкил этган. Ҳовли-жойларда эса тафовут қарийб 15 бараварга етган.

108
0
uznews.uz

Кадастр агентлиги ҳузуридаги Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий марказида ўтказилган матбуот анжуманида янги тизим ҳақида батафсил маълумот берилди.

Оммавий баҳолаш тизими катта ҳажмдаги бозор маълумотларини таҳлил қилиш ва математик-статистик усуллар асосида кўчмас мулкнинг бозор қийматига яқин қийматини аниқлашга қаратилган.

Мазкур тизим Президентнинг 2025 йил 5 мартдаги ПФ-43-сон фармони асосида босқичма-босқич жорий этилмоқда.

«Бундан мақсад кўчмас мулк объектининг олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳолатлар учун аниқланадиган қиймати ўзаро мутаносиб бўлишини таъминлаш», — дейди Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази раҳбари Муҳиддин Холмуродов.

Маълумотларга кўра, Тошкентдаги баҳолаш жараёнида қарийб 100 мингта бозор маълумотлари, таклифлар ва риэлторлик битимлари ҳамда 85 мингдан ортиқ нотариал тартибда расмийлаштирилган олди-сотди битимлари ўрганилган.

Баҳолашда кўчмас мулкнинг жойлашуви, ҳудуднинг ривожланганлик даражаси, транспорт ва ижтимоий инфратузилмага яқинлиги, қурилган йили, майдони, қавати, девор материали ва бошқа хусусиятлари ҳисобга олинади.

Масалан, Mirabad Avenue турар жой мажмуасида 45 квадрат метрли квартиранинг амалдаги кадастр қиймати 88,9 миллион сўм бўлган. Янгихаёт туманида, Сергели метро бекати атрофидаги худди шундай майдондаги квартиранинг кадастр қиймати эса 81,6 миллион сўмни ташкил этган.

Бироқ уларнинг бозор қийматида катта фарқ бор: Mirabad Avenue’даги квартира тахминан 1,5 миллиард сўм, Янгихаётдаги квартира эса 508 миллион сўм атрофида баҳоланган. Яъни, кадастр қийматлари деярли бир хил бўлса-да, бозор қиймати қарийб уч баравар фарқ қилган.

Умуман, Тошкентдаги қарийб 600 мингта квартиранинг оммавий баҳолаш асосида аниқланган умумий қиймати 426,7 триллион сўмни ташкил этган. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,7 триллион сўм бўлган.

Ҳовли-жойларнинг оммавий баҳолашдаги умумий қиймати 587 триллион сўм, амалдаги кадастр қиймати эса 39 триллион сўмни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар ўртасидаги тафовут қарийб 15 бараварни ташкил қилади.

«Ушбу қиймат келгусида кўчмас мулк учун солиқлар ва олди-сотди нархларининг ошишига асос бўлмайди. Бу, асосан, мулкдорлар учун фойдали бўлиб, уй-жой билан боғлиқ муаммоли ҳолатларда тўғри баҳолаш ва номутаносиб қийматларнинг олдини олишда қўл келади», — дейди Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази раҳбари Муҳиддин Холмуродов.

Мутасаддилар бу рақамлар ҳозирча якуний эмаслигини таъкидлади. 2026 йил 5 сентябрдан бошлаб баҳолаш натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Мулкдорлар davreestr.uz платформаси орқали ўз объектининг баҳолаш натижаси билан танишиши, қиймат қандай шаклланганини кўриши ҳамда асослантирилган таклиф ёки эътирозларини билдириши мумкин. Асосли мурожаатлар бўйича баҳолаш натижаларига ўзгартириш киритилади.

Шунингдек, оммавий баҳолашда аниқланган қиймат кўчмас мулкнинг айни кунги сотув нархи эмас. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бозор маълумотларидаги ўзгарувчанлик ва статистик хатоликлар ҳисобга олингани сабабли оммавий баҳолаш қиймати амалдаги бозор нархидан ўртача 20–30 фоизгача паст бўлиши мумкин.

Оммавий баҳолаш 2025–2026 йилларда Тошкент шаҳрида, 2026–2027 йилларда Нукус ва вилоятлар марказларида ўтказилади. 2027 йилдан бошлаб тизим мамлакатнинг қолган ҳудудларига ҳам жорий этилади.

108
0

Изоҳ