Маълум қилинишича, бу чора Президент топшириғи асосида амалга оширилган. Масъулларга 1 сентябрга қадар оқова сувларни қабул қилиш иншоотида замонавий фильтрлаш қурилмаларини ўрнатиш ва нохуш ҳид муаммосини бартараф этиш вазифаси юклатилган эди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, «Салар» иншоотлари пойтахтнинг 7 та туманидан келадиган оқова сувларни қабул қилиб, тозалайди. Уларнинг суткалик қуввати 900 минг куб метрни ташкил этади.
Нохуш ҳидни камайтириш учун қиймати 9,5 млрд сўм бўлган замонавий фильтрлаш ускунаси ўрнатилди. Оқова сув ҳавзалари герметик ёпилган бўлиб, нохуш ҳидли ҳаво махсус фильтрлар орқали тортиб олиниб, тозаланади ва зарарсизлантирилади.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ бош технологи Дононбой Қозибековнинг айтишича, Тошкент сув таъминоти тизими раҳбарияти Россия томони билан музокаралар ўтказган ва шундан сўнг ҳавони тозалаш ускунаси етказиб берилган.
Қурилмада ҳаво вентилятор ёрдамида сўриб олинади ва 11,5 тонна махсус материал — каталитик сорбент орқали ўтказилади. Ультрабинафша нурлар таъсирида озонлаш ва ифлослантирувчи моддаларни оксидлаш жараёни амалга оширилади.
Шундан сўнг ҳаво 2,5 тонна фаоллаштирилган кўмир орқали қўшимча тозаланади. Тозалашдан кейин ҳаводаги водород сульфид ва аммиак концентрацияси нолга туширилгани қайд этилган.
Ускуна 15 кундан ортиқ вақтдан бери ишламоқда. Қайд этилишича, бу даврда иншоотлар атрофидаги нохуш ҳид бартараф этилган ва буни яқин ҳудудда яшовчи аҳоли ҳам тасдиқлаган.
Изоҳ