Марказ Ўзбекистонда замонавий санъатга ихтисослашган биринчи давлат муассасаси ҳисобланади. У 1912 йилда Вильгельм Гейнсельман томонидан қурилган тарихий бинода жойлашган. Бино аввал трамвай депоси, кейинчалик дизель электр станцияси сифатида фойдаланилган.
Марказ Франциянинг Studio KO компанияси концепцияси асосида қайта таъмирланган. Бунда бинодаги тарихий ва саноатга хос услуб сақлаб қолинган.
Бу ерда кўргазмалар, маърузалар, учрашувлар, кино намойишлари, концертлар, спектакллар, маҳорат дарслари ва арт-резиденциялар ўтказилади. Марказда кутубхона, архив, очиқ жамоат ҳудудлари, концепт-стор ва ресторан ҳам мавжуд.
Марказ фаолияти халқаро «Ҳикмаҳ» кўргазмаси билан бошланади. Унда 11 та асар намойиш этилади. Жумладан, Гуггенхайм коллекциясига кирувчи инсталляция Ўзбекистонда илк бор тақдим этилмоқда.
Президент марказ очиқ ижодий макон бўлиши, халқаро ҳамкорликни ривожлантириши ва маҳаллий ижодкорларни қўллаб-қувватлаши муҳимлигини таъкидлади. Марказнинг расмий очилиши 6 сентябрга режалаштирилган.
Изоҳ