Шавкат Мирзиёев аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш якунлари ҳамда миллий статистика тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Маълум қилинишича, ҳозирда Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоиз ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалигида эса бу кўрсаткич умумий айланманинг 60 фоизига етади.
Шунингдек, мамлакатда банд бўлган 15,2 миллион кишининг 6,5 миллион нафари (42 фоиз) даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти. Рўйхатдан ўтган айрим кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда фаолият юритмаётгани ёки ишини тўхтатгани қайд этилди.
Бу ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтираётгани таъкидланди. Яширин иқтисодий фаолиятни тартибга солиш бюджетга ўнлаб триллион сўм қўшимча тушумларни таъминлаши ва келгусида солиқ юкини камайтириш имконини бериши мумкин.
Шу муносабат билан 15 октябрдан 30 ноябрга қадар бизнесни ялпи рўйхатга олиш ўтказиш таклифи маъқулланди.
Рўйхатга олиш доирасида мамлакатда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар инвентаризация қилиниб, уларнинг ҳолати, таркиби ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимоти аниқлаштирилади.
Шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг статистик реестрлари янгиланиб, танланма статистик кузатувларни ўтказиш учун зарур база яратилади.
Изоҳ