• 11 801 сўм
    -22.46
  • 13 738 сўм
    -59.25
  • 137 сўм
    -3.01
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 801 сўм
    -22.46
  • 13 738 сўм
    -59.25
  • 137 сўм
    -3.01
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Сиёсат Бугун, 18:38

Ўзбекистон Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига таклиф қилмоқчи

Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин билан музокара ўтказди. Хитой компанияларини Ўзбекистондаги тинч атом энергетикаси лойиҳаларига жалб этишга қизиқиш билдирилди.

53
0
prezident.uz

Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари Хитой етакчисига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган самимий табриги ҳамда Ўзбекистон – Хитой кўп қиррали муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Келгуси йилда мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 35 йил тўлади. Ушбу қутлуғ санани кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Томонлар ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги тизимли стратегик мулоқотни давом эттириш ва парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидладилар. Ўзбекистон “ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши қатъий курашни доимий қўллаб-қувватлаши қайд этилди.

Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилаш таклиф этилди. 

Энергетика, кимё саноати, металлургия, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, транспорт ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳамда юқори технологиялар соҳаларида саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари белгиланди. Рақамли иқтисодиёт, тоғ-кон саноати, минерал ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларидаги “ўсиш нуқталари” кенгайтирилади.

Технологик шерикликнинг ёрқин намунаси сифатида “BYD” компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қайд этилди. Ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режалари қўллаб-қувватланди.

Хитой компанияларига Ўзбекистон ҳудудларидаги қўшма саноат зоналарида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишда янада фаол иштирок этиш таклиф қилинди.

Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уларнинг мамлакатимиздаги лойиҳалардаги иштирокини кенгайтиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик юқори баҳоланди. Ўзбекистон анъанавий ва муқобил энергетика соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш ҳамда Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига жалб этишдан манфаатдор.

Ҳудудлараро алмашинувлар фаол ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг барча вилоятлари Хитой провинциялари билан фаол ҳамкорлик қилиб, кўпгина қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. Май ойида Сиань шаҳрида учинчи Ҳудудлар форуми бўлиб ўтди.

Транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўлини қуриш ишлари самарали давом эттирилмоқда. Мазкур йўналиш Евроосиё транспорт экотизимининг муҳим бўғинига айланиши ҳамда “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги ўзаро боғлиқликни янада кучайтиришига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон ва Хитой маданият марказларини очиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Йил якунига қадар Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш режалаштирилган. 2027-2029 йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар дастурини қабул қилиш таклиф этилди.

Илм-фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик мунтазамлик касб этган. “Лу Бань устахоналари” ва Конфуций институтлари фаолияти ҳамда ҳудудларда қўшма таълим лойиҳаларини ривожлантириш ишлари давом эттирилади.

Хитой тилини ўрганишни, олий таълим муассасалари ўртасидаги таълим дастурларини янада кенгайтириш ҳамда юртимиз ёшларининг Хитойда таҳсил олиши учун квоталарни оширишдан манфаатдорлик билдирилди.

Космосни ўзлаштириш ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қайд этилди.

“Хитой – Марказий Осиё” форматидаги минтақавий шерикликни янада чуқурлаштириш ва унинг келгуси йилда Хитойда бўлиб ўтадиган учинчи саммитига тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти Хитой Раисини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди. 

53
0

Изоҳ