Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевга мактуб йўллаб, мамлакатнинг янгиланган парламенти — Қурултойга сайловлар халқаро стандартлар ва демократик тамойиллар асосида муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Давлат раҳбари ушбу тарихий воқеа Қозоғистон сиёсий тизимини такомиллаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва парламент ролини сезиларли даражада кучайтиришда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади.
Сайловларда фуқароларнинг фаол иштироки Тоқаев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ва ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар халқ томонидан қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин тасдиғи экани қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларнинг натижаларидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари руҳида янги босқичга кўтарилишига ишонч билдирди.
Президент, шунингдек, Қосим-Жомарт Тоқаевга мустаҳкам соғлик ва давлатчилик фаолиятида муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилади.
Изоҳ