1 октябрдан уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этишда иштирок этган фуқароларга транспорт имтиёзлари берилади.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан ушбу тоифадаги шахсларга самолёт, поезд ва шаҳарлараро автобус чипталарини бепул ёки 50 фоизлик чегирма билан олиш имконияти яратилди.
Имтиёзли чипталар «Uzbekistan Airways», резидент авиакомпаниялар, «Ўзбекистон темир йўллари», автовокзал ва автостанциялар томонидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизимидаги маълумотлар асосида расмийлаштирилади.
Имтиёздан фойдаланиш учун фақат шахсни тасдиқловчи ҳужжат — ID-карта ёки биометрик паспорт талаб этилади.
Транспорт турига қараб имтиёзли тоифага кирувчи фуқароларга қуйидаги чипталар берилади:
- ҳаво транспортида — «эконом» тарифи бўйича;
- темир йўл транспортида — «эконом», плацкарт ёки купе вагонларига.
2027 йил 1 январдан бошлаб фуқаролар чипталарни «Ижтимоий карта» (Baraka) мобил иловаси орқали ҳам бепул ёки имтиёзли шартларда харид қилишлари мумкин бўлади.
Мазкур транспорт хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Изоҳ