Олий Мажлис Сенати 8 август куни Оила кодексига ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Тузатишлар болага бевосита отасининг исмидан ҳосил қилинган фамилияни бериш имконини беради. Оила кодексининг 69-моддасига тегишли ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, боланинг фамилияси ота-онанинг фамилияси билан белгиланади. Агар ота-она ҳар хил фамилияли бўлса, уларнинг келишувига кўра болага отасининг ёки онасининг фамилияси берилади.
Бундан ташқари, миллий анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, ота-оналар боланинг фамилиясини ҳам ота, ҳам она бобоси номидан тузишлари мумкин. Бунда бевосита отанинг исмидан фамилия ҳосил қилиш имконияти модданинг амалдаги таҳририда назарда тутилмаган.
Сенатор Одилжон Маматкаримовнинг айтишича, бундай норманинг йўқлиги фуқароларнинг мурожаатларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, гап меҳрибонлик уйларида тарбияланган эркаклар, шунингдек, уларнинг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолатлар ҳақида бормоқда. Бундай вазиятларда баъзи фуқаролар фарзандининг фамилияси бобосининг исмидан ҳосил бўлишини хоҳламайдилар.
Йиғилишда, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон қонунчилигида боланинг фамилияси отаси ёки бобоси номидан олиниши мумкинлиги қайд этилди.
Сенаторларнинг таъкидлашича, янгилик ота-оналарнинг фарзандига миллий ва диний анъаналарни ҳисобга олган ҳолда фамилия танлаш имкониятларини кенгайтиради.
Эслатиб ўтамиз, болага отасининг исми бўйича фамилия бериш имкониятини назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг январь ойида биринчи ўқишда қабул қилинган эди.
Изоҳ