Греция пойтахти Афинанинг ғарбидаги Псата ҳудудида йирик ўрмон ёнғинини ўчириш ишлари вақтида икки ёнғин ўчирувчи вертолёт ҳавода тўқнашиб кетди.
Мамлакат ёнғин хизмати маълумотига кўра, ҳалокатдан сўнг вертолёт учувчиларидан бири тезкор марказ билан боғланишга муваффақ бўлган. Ҳодиса оқибатида вертолёт бортида бўлган икки нафар шахс эса ҳушсиз ҳолда топилган. Кейинчалик расмийлар улар Греция ва Румния фуқаролари бўлганини ҳамда ҳалок бўлганини маълум қилган.
Тўқнашув сабаблари ҳозирча аниқланмоқда.
Айни пайтда Греция мамлакат бўйлаб авж олган ўрмон ёнғинларига қарши курашни давом эттирмоқда. Мамлакатда 73 та фаол ёнғин ўчоғи қайд этилган бўлиб, уларнинг аксарияти Афина атрофи, Виотия вилояти, Крит ороли ҳамда Парос оролида кузатилмоқда.
Спутник маълумотларига кўра, ёнғинлар ҳозирга қадар 5,7 минг гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олган.
Изоҳ