Бир пайтлар Осиёнинг энг бой клубларидан бири ҳисобланган, юлдуз футболчиларни олиб келган, мамлакат футболида янги давр бошлаган "Бунёдкор" бугун тарихидаги энг оғир кунларни бошдан кечирмоқда.
Энди муаммо расман ҳам тан олинди
"Бунёдкор"нинг молиявий аҳволи ҳақидаги гап-сўзлар энди шунчаки миш-миш эмас. Клуб расман Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ)га хат йўллаб, Суперлиганинг 15-туридан ўрин олган "Қизилқум"га қарши Навоийдаги баҳсга бориш учун маблағ мавжуд эмаслигини маълум қилди. Хатда жамоанинг йўлкира, меҳмонхона ва делегациянинг овқатланиш харажатларини қоплаш имконияти йўқлиги қайд этилган.
Бу хат "Бунёдкор" тарихидаги энг оғир даврлардан бири бошланганини очиқ кўрсатиб берди. Бир вақтлар миллионлаб долларлик бюджетга эга бўлган клуб бугун ҳатто сафар ўйинини ташкил қилиш учун ҳам маблағ топа олмаяпти. Агар жамоа белгиланган вақтда учрашувга етиб бормаса, амалдаги Суперлига регламентига мувофиқ унга техник мағлубият ёзилиши мумкин.
Шунингдек, мавсум давомида бу каби ҳолат қайта содир этилса, Бунёдкор футбол клубини Суперлига мусобақасидан четлаштириш масаласи Лига Ижроия қўмитаси кун тартибига киритилади, деб ёзган ЎзПФЛ.
Ўз навбатида, Лига Қизилқум — Бунёдкор учрашувини ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни тўхтатишини маълум қилган.
Бу оддий молиявий қийинчилик эмас. Бу – йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларнинг натижаси.
Клуб тарихидаги бурилиш нуқтаси
2005 йилда "Қурувчи" номи билан ташкил этилган "Бунёдкор" қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг энг кучли клубига айланди. Миллионлаб долларлик инвестициялар, замонавий стадион, футбол академияси, машғулот базаси ва жаҳон футболи юлдузлари клубга олиб келинди.
Ривалдо, Луис Фелипе Сколари, Зико, Ривалдо, Денилсон каби машҳур номлар "Бунёдкор" билан боғланди.
Бир ҳомийга боғлиқ тизим
"Бунёдкор"нинг энг катта муаммоси айнан шу ерда эди. Клуб мустақил бизнес моделига эга бўлмади.
Даромаднинг асосий қисми:
- бош ҳомий маблағи;
- давлат қўллаб-қувватлови.
Билет савдоси, мерчендайзинг, маркетинг ёки футболчилар трансферидан тушадиган даромад эса клуб бюджетида ҳал қилувчи аҳамият касб этмади.
Ҳомийлик тугади, молиявий қийинчиликлар кучайди
Йил бошида "Ўзбекнефтгаз" АЖ "Бунёдкор" клубини молиялаштиришни тўхтатди. Натижада аввал катта бюджетга ўрганган клуб харажатларини қоплай олмай қолди. Ҳозирги кунга келиб клубдаги муаммолар очиқ кўринишга чиқди.
Очиқланган маълумотларга кўра:
- футболчилар ва ходимлар ойлаб маош олмаган;
- академия ва стадионда коммунал хизматлар учун қарзлар йиғилган;
- электр энергияси ва сув таъминотида узилишлар кузатилган.
Энди эса ҳатто сафар ўйинига бориш учун маблағ топиш ҳам муаммога айланган.
Нега бу даражага келиб қолди?
- Биринчиси — ягона ҳомийга боғланиб қолиш.
- Иккинчиси — ўзини ўзи таъминлайдиган иқтисодий моделнинг йўқлиги.
- Учинчиси — йиллар давомида юқори харажатларга мос даромад тизими яратилмагани.
- Тўртинчиси — катта инфратузилмани сақлаш харажатлари.
"Бунёдкор" стадиони, академияси ва бошқа объектларни сақлашнинг ўзи катта маблағни талаб қилади. Даромад камайганда эса биринчи бўлиб айнан шу тизим издан чиқади.
Бу фақат "Бунёдкор" муаммосими?
Йўқ. Бу бошқа клублар учун ҳам жиддий сигнал. Кўплаб клублар ҳанузгача давлат корхоналари ёки маҳаллий ҳокимликлар маблағига таяниб яшайди. Агар молиялаштириш қисқарса, клублар ҳам шундай хавф остида қолиши мумкин. Футбол иқтисодиёти мустаҳкам бўлмаса, натижалар ҳам узоққа бормайди.
Энди нима бўлади?
"Бунёдкор" ҳали ҳам катта тарихга, кучли академияга ва мухлисларга эга клуб. Аммо фақат тарих билан яшаб бўлмайди. Клубга янги стратегик инвестор, барқарор молиявий модель ва профессионал бошқарув зарур. Акс ҳолда бир вақтлар Осиё Чемпионлар лигасида ярим финалга чиққан, мамлакат футболида ёрқин из қолдирган клубнинг бунданда оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори.
Бир пайтлар Ривалдо тўп тепган, Сколари мураббийлик қилган, минглаб мухлислар орзу қилган клуб бугун сафар харажатини ҳисоблаётган бўлса, бу фақат "Бунёдкор"нинг эмас, барчамизнинг оғриқли ҳақиқатимиз ҳисобланади.
Жаҳонгир Сотволдиев
Изоҳ