Миллий статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2026 йил январь–июнь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7,091 млн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,4 фоизга ошган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўртача иш ҳақи аввалгидек Тошкент шаҳрида қайд этилган бўлиб, у 12,014 млн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилга нисбатан 18,2 фоизга кўп.
Иккинчи ўринда Навоий вилояти (8,723 млн сўм), учинчи ўринда эса Тошкент вилояти (6,676 млн сўм) жойлашган. Энг паст ўртача иш ҳақи Қашқадарё вилоятида қайд этилган бўлиб, 4,865 млн сўмни ташкил этди.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача иш ҳақи энг юқори суръатларда Жиззах вилоятида (20,4%), Наманган вилоятида (19,4%), Тошкент шаҳрида (18,2%) ва Тошкент вилоятида (17,8%) ошган.
Иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти соҳасида қайд этилган бўлиб, 19,1 млн сўмни ташкил қилган. Ундан кейинги ўринларда:
- Ахборот ва алоқа — 17,417 млн сўм;
- Транспорт ва сақлаш — 11,07 млн сўм;
- Саноат — 8,267 млн сўм;
- Савдо — 7,651 млн сўм;
- Қурилиш — 7,028 млн сўм.
Энг паст ўртача иш ҳақи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида (4,44 млн сўм) ҳамда таълим соҳасида (4,977 млн сўм) кузатилган. Шу билан бирга, айнан ушбу тармоқлар иш ҳақи ўсиш суръатлари бўйича етакчилар қаторига кирган: соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда 20,1 фоиз, таълим соҳасида эса 20,3 фоиз ўсиш қайд этилган.
Алоҳида фаолият йўналишлари бўйича энг юқори иш ҳақи қайта суғурталаш ходимларига тўғри келиб, ўртача 26,014 млн сўмни ташкил этган. Шунингдек, молия ва суғурта соҳасидаги ёрдамчи фаолият мутахассислари 24,896 млн сўм, компьютер дастурлаш, консалтинг ва бошқа тегишли хизматлар соҳасида ишловчилар эса 22,235 млн сўм ўртача ойлик маош олган.
Таълим тизимида олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ўртача иш ҳақи 12,047 млн сўм, техник ва касб-ҳунар таълими ходимлариники 5,372 млн сўм, умумий ўрта таълим ходимлариники 4,669 млн сўм, мактабгача таълим ходимлариники эса 2,721 млн сўмни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда ўртача номинал ҳисобланган ойлик иш ҳақи 6,82 млн сўмни ташкил этган эди. Ўшанда ҳам иш ҳақи даражаси бўйича Тошкент шаҳри етакчи бўлиб, кўрсаткич 11,7 млн сўмни ташкил қилган.
Изоҳ