Республикада ўтказилаётган "Хавфсиз ва соғлом юрт" кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлар доирасида ИИВ Тезкор қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Юнусобод туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Халқаро полиция ассоциацияси аъзоси, 1994 йилда туғилган шахс интернет нарко-дўконда бир йилдан буён омборчи сифатида ишлаб келган. Унинг Telegram платформасидаги ботлари ва мавжуд интернет нарко-дўконлари аниқланиб, унинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилди. Текширув давомида манзилдан 49 дона махсус пробиркаларга жойланган бир литрдан ортиқ гашиш ёғи ва бешта идишларга солинган тўққиз литрдан ортиқ гашиш ёғи ҳамда 10 грамм опий гиёҳвандлик воситалари борлиги маълум бўлди.
Ундан ташқари, 35 минг АҚШ доллари, еттита банк пластик карталари, 20 та сим-карта, электрон тарози, шунингдек, хизмат гувоҳномаси борлиги аниқланиб, ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинди. Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 51 минг дозага тенг бўлган жами 10 литрдан ортиқ гашиш ёғи ва 10 грамм опий гиёҳвандлик воситаларининг аҳоли орасида тарқалиши олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан ЖКнинг 273-моддаси бешинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 1985 йилда туғилган аёл харидорга 40 грамм гашиш гиёҳвандлик моддасини сотаётган вақтда ушланди. Шунингдек, унга тегишли сумкада оғирлиги 60 грамм миқдордаги гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, протсессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Муқаддам ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан судланган бу аёл қилмишидан хулоса чиқармаган ҳолда жиноий ҳаракатларни такрор содир этган. Мазкур ҳолат юзасидан наркожиноий ҳаракатни такроран содир этган аёлга нисбатан ЖКнинг 273-моддаси 6-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ