Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитда ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.
Ҳужжатга кўра, "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонунга ўзгартиришлар киритилади. Улар киберхавфсизликни таъминлаш ёки шубҳали (frod) операцияларнинг олдини олиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этмаслик натижасида фуқароларга моддий зарар етказилган бўлса, бундай зарарни қоплаш банклар, тўлов тизимлари операторлари ёки тўлов ташкилотлари зиммасига юклатилишини назарда тутади. Мазкур норма молиявий хизматлар бозори иштирокчиларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулиятини оширишга қаратилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги нормалар билан давлат хизматларини масофадан кўрсатиш тизимидаги шахсий аккаунтларни ёки абонент қурилмаларининг идентификация модулларини ғаразли мақсадларда бошқа шахсларга берганлик, шунингдек бошқа шахснинг аккаунти ёки абонент рақамидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
ЖПКга киритилаётган ўзгартиришлар рақамли далиллар билан ишлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган. Жумладан, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахсига, агар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни тергов қилиш доирасида жиноят иши учун аҳамиятга эга бўлган электрон маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа ашёвий далилларнинг турган жойи маълум бўлса, уларни белгиланган тартибда олиб қўйиш ҳуқуқи берилмоқда.
Яна бир янгилик - процессуал мажбурлов чораси сифатида банк ҳисобварақлари, электрон ҳамёнлар ва крипто-активлар бўйича операцияларни вақтинча тўхтатиб туриш. Бу ноқонуний ўзлаштирилган маблағларнинг бошқа шахсларга ўтказилишининг олдини олади.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кибержиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг шахсий маълумотлари ва мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш, тўлов инфратузилмаси барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, рақамли маконда ҳуқуқий хавфсизликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Изоҳ