Бугун бўлиб ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари олти ой якунлари бўйича саноат ва экспорт кўрсаткичларини танқидий таҳлил қилди.
Биринчи чоракда саноат режасини бажармаган 13 та, экспортни пасайтирган 15 та туман ҳокимлари ишдан олинди. Президентнинг сўзларига кўра, аксарият раҳбарлар бундан хулоса чиқариб, олти ойлик прогноз кўрсаткичларини бажарган. Лекин айрим туман ва шаҳарларда саноатнинг ўсиш суръатлари пасайган.
Масалан, Янгиобод туманида саноат ўсиши прогноз қилинган 5,7 фоиз ўрнига атиги 1,8 фоизни ташкил этди. Ғозғон шаҳри, Музработ, Қизириқ ва Олтиариқ туманларида ҳам ўсиш суръатлари пасайган.
Шавкат Мирзиёев экспорт йўналишида ҳам бир қатор туман ва шаҳарларда ўзгариш бўлмаганини таъкидлади. Хусусан, Касби, Денов ва Тошкент туманлари, Жиззах шаҳри, Пахтаобод тумани, Навоий шаҳри, Жомбой, Тойлоқ, Бандихон, Мирзачўл ва Ёзёвон туманлари ҳамда Бектемир туманида ишлар сустлиги танқид қилинди.
Бош вазирга ушбу 17 нафар ҳокимнинг лавозимига лойиқлиги масаласини бугуноқ кўриб чиқиш топширилди.
"Агар тўққиз ой якуни бўйича ўзгариш бўлмаса, вилоят ҳокимлари ўринбосарларига нисбатан ҳам қатъий чоралар кўрилади," - деди президент.
Изоҳ