Ўзгидромет хабарига кўра, июль ойининг ўрталарида Ўзбекистон аҳолиси аномал иссиқ об-ҳавони бошдан кечирди. Ҳаво ҳарорати босқичма-босқич кўтарилиб, республиканинг аксарият ҳудудларида иссиқликнинг энг юқори чўққиси 18–19 июль кунларига, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса 16–18 июль кунларига тўғри келди.
Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати республиканинг кўпчилик ҳудудларида 43–45 даража, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 46–49 даражагача етди.
Қайд этилишича, бу кўрсаткичлар Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихи давомида қайд этилган энг юқори ҳароратларга жуда яқин бўлган.
Шунингдек, мамлакатнинг қатор ҳудудларида янги ҳарорат рекордлари ўрнатилди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида 19 июль куни 44,3 даража ҳарорат қайд этилди. Бу 1997 йил 18 июль куни кузатилган мутлақ максимумдан атиги 0,3 даражага паст кўрсаткич ҳисобланади.
Фарғона водийси вилоят марказларида эса ушбу кунларда максимал ҳарорат бўйича рекордлар 2–3 марта янгиланди.
Мутахассислар маълумотига кўра, экстремал иссиқ об-ҳаво термик депрессия таъсирида шаклланган. Бу жараёнда Эрон ҳудуди устида юқори тропосферада кучли баланд босим тизмаси ҳосил бўлиб, унинг таркибида жуда иссиқ ҳаво массаси айланиб туради.
Ушбу баланд босим тизмаси шимоли-шарқ томон силжиши натижасида иссиқ ҳаво гўёки гумбаз каби Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудини босқичма-босқич қоплайди. Бу эса булутлиликнинг кескин камайишига, қуёш радиациясининг кучайишига ва ер юзасининг янада қизиши ҳисобига ҳаво ҳароратининг фавқулодда юқори даражага кўтарилишига олиб келади.
Изоҳ