Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги янги автомагистрал қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари ушбу лойиҳани мамлакат транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдаги тарихий қадам деб атади. Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали автомагистралнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади.
"Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич ва 60 та туннел туридаги ўтиш жойи барпо этилади. Йўл юқори тезлик ва оғир юк машиналари ҳаракатига мос монолит бетон қоплама билан қурилади. Текис ҳудудларда автомобиллар соатига 150 километр тезликда ҳаракатланиши мумкин бўлади," - дейилади хабарда.
Янги автомагистрал фойдаланишга топширилгач, Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти 5 соатдан 2,5 соатгача қисқаради. Шунингдек, йўл орқали бир суткада 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситаси ҳаракатланиши, юк ташиш таннархи эса 20–24 фоизга камайиши кутилмоқда.
Президент таъкидлашича, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон ва Трансафғон темир йўллари ишга тушиши билан мамлакат Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг муҳим бўғинига айланади. Бу эса халқаро транзит ҳажмини ошириш, юзлаб миллион доллар қўшимча даромад олиш ва минглаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.
Изоҳ