Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигининг собиқ директори Акмалхон Ортиқовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Миробод туман жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилмоқда.
Судланувчига ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми "а", "в" ва "г" бандлари (жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 206-моддаси 2-қисми "а" ва "б" бандлари (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки ваколатдан четга чиқиш, айниқса кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ёки уюшган гуруҳ манфаатини кўзлаб), шунингдек, 209-моддаси 1-қисми ҳамда 2-қисми "а" ва "б" бандлари (мансаб сохтакорлиги, жумладан такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ манфаатини кўзлаб содир этилган ҳолатлар) бўйича айблов эълон қилинган.
Унга қўйилган айбловлар йиғиндиси бўйича 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.
Мазкур жиноят ишида агентликнинг собиқ раҳбари билан бирга яна беш нафар шахс ҳам судланмоқда. Улар орасида Smart Expert Group раҳбари Зиёвиддин Жабборов, Veritas баҳолаш компанияси асосчиси Зуҳриддин Ниғманхонов, Master Expert таъсисчиси Равшан Халиткариев, Саиджон Саидов ҳамда Kontinent Imkon Baho баҳолаш компанияси директори Шерматжон Жўраев бор.
Уларнинг барчасига ҳам ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлиги айбловлари қўйилган. Шунингдек, уч нафар айбланувчига нодавлат ташкилотида ваколатларни суиистеъмол қилиш бўйича ҳам қўшимча айблов эълон қилинган.
Судда Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатларини ички аудит бўлими бошлиғи Тимур Алибеков ҳимоя қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Акмалхон Ортиқов 2026 йил январь ойида Давлат активларини бошқариш агентлиги директори лавозимидан озод этилган эди. Ўша вақтда президент Шавкат Мирзиёев агентлик тизимида кўп миллиард сўмлик талон-торож ҳолатлари аниқланганини маълум қилган.
Изоҳ