• 11 960 сўм
    -71.16
  • 13 670 сўм
    -94.57
  • 153 сўм
    -0.71
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 11 960 сўм
    -71.16
  • 13 670 сўм
    -94.57
  • 153 сўм
    -0.71
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Кеча, 15:55

Ўзбекистонда "турпакет"лар сотиш қоидаларини кучайтириш режалаштирилмоқда

Хорижий компаниялар ўзбекистонликларга чет эл турларини фақат маҳаллий лицензияга эга туроператор ёки Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ўз юридик шахси орқали сотиши мумкин. Шунингдек, «Хавфсиз туризм» жамғармасини ташкил этиш, ҳар бир турпакет учун кафолат йиғими жорий этиш ва сайёҳларга ягона туристик код бериш таклиф қилинмоқда.

68
0
uznews.uz

Туризм қўмитаси фуқароларнинг хорижга сафарларини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ва чиқиш туризми соҳасида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Ҳужжатда чиқиш туризми билан шуғулланувчи туроператорлар ва турагентлар учун қўшимча лицензия талабларини жорий этиш назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, хорижий туроператорлар Ўзбекистон фуқароларига чет эл турларини фақат икки усулда сотиши мумкин бўлади:

— чиқиш туризми лицензиясига эга маҳаллий туроператор билан шартнома орқали;

— ёки Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган ва туроператорлик лицензиясини олган ўз юридик шахси орқали.

Шу билан бирга, турагентларга маҳаллий лицензияланган туроператор иштирокисиз хорижий туроператорлар турмаҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш тақиқланиши таклиф этилмоқда.

Бу тақиқ электрон платформалар, ижтимоий тармоқлар, мобил иловалар, онлайн тўлов тизимлари ва бошқа сотув каналларига ҳам татбиқ этилади.

«Хавфсиз туризм» жамғармаси ташкил этилади

Лойиҳада Туризм қўмитаси ҳузурида «Хавфсиз туризм» жамғармасини ташкил этиш таклиф қилинган.

Жамғарма маблағлари туроператор ёки турагентнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида зарар кўрган фуқароларга моддий товон тўлаш учун ишлатилади.

Шунингдек, фавқулодда вазиятларда ўзбекистонликларни вақтинча жойлаштириш, овқатлантириш, транспорт, алоқа, эвакуация қилиш ва Ватанга қайтариш харажатлари ҳам ушбу жамғарма ҳисобидан қопланиши мумкин.

Туроператорлар камида 50 минг доллар захира қилиши керак бўлади

Чиқиш туризми бўйича лицензия олиш учун жамғармада камида 50 минг АҚШ доллари эквивалентида маблағни захира қилиш талаби жорий этилиши таклиф қилинмоқда.

Бу талаб аввал лицензия олган компанияларга ҳам татбиқ қилиниши мумкин. Туризм қўмитаси олти ой ичида амалдаги лицензияларни қайта кўриб чиқиб, уларни янги талабларга мувофиқлаштириши режалаштирилган.

Ҳар бир тур учун кафолат йиғими ундирилади

Ҳар бир сотилган турмаҳсулот учун сотув кунидаги 0,15 БҲМ миқдорида мақсадли кафолат йиғими жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Ушбу йиғим тур нархига киритилади ва алоҳида давлат божи ёки маъмурий тўлов сифатида ундирилмайди.

Маҳаллий туроператор тузган турлар учун йиғимни шу оператор тўлайди. Агар хорижий туроператор турларни Ўзбекистондаги лицензияланган юридик шахси орқали сотса, йиғимни айнан шу юридик шахс тўлайди.

Маблағ туристик код шакллантирилишидан олдин жамғарманинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши шарт. Кафолат йиғими тўланмаса, туристик код берилмайди ва турни сотиш тақиқланади.

Ҳар бир сайёҳга туристик код берилади

Чет элга сафар учун турмаҳсулот харид қилган ҳар бир фуқарога автоматик тарзда ягона электрон идентификация рақами — туристик код берилиши таклиф қилинмоқда.

Код Миллий туристик платформа орқали шакллантирилади ва тур расман рўйхатдан ўтганини, кафолат йиғими тўланганини ҳамда сайёҳ чиқиш туризми кафолатлари тизимига киритилганини тасдиқлайди.

Тизимга туроператор, турагент, турист, сафар йўналиши ва муддати, транспорт, жойлаштириш, суғурта ҳамда фавқулодда ҳолатлар учун алоқа маълумотлари киритилади.

150 минг доллардан ортиқ тўловлар ҳисобга олинади

Агар бир туроператор ёки турагент томонидан тўланган кафолат йиғимлари умумий миқдори мажбурий захиранинг уч баравари, яъни 150 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошса, ортиқча маблағни келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш мумкин бўлади.

Бу имтиёз камида уч йил давомида чиқиш туризми соҳасида узлуксиз ишлаган ва лицензия талабларини қўпол равишда бузмаган туроператорларга татбиқ этилади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 31 июлгача давом этади.

68
0

Изоҳ