Ички ишлар вазирлиги Тезкор қидирув департаменти ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Telegram мессенжерида турли номлар билан фаолият юритган ботлар орқали гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Аниқланишича, мазкур ботлар фаолиятини бошқариб келган шахс икки ой аввал Жиноят кодексининг 278-8-моддаси учинчи қисми «а» банди билан судланган бўлишига қарамай, жиноий ҳаракатларини қайта давом эттирган.
Тергов маълумотларига кўра, 1999 йилда туғилган, илгари профессионал футбол клубида тўп сурган ва ҳозирда болалар оромгоҳида жисмоний тарбия машғулотларини ўтиб келаётган ушбу фуқаро бир нечта «наркошоп» фаолиятини қайта йўлга қўйган.
Суриштирув давомида унга тегишли Telegram-ботлар орқали гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар савдосидан тушган маблағлар криптоактивларга айирбошланиб, унинг шахсий криптобиржа аккаунти орқали турли молиявий операциялар амалга оширилгани аниқланган.
Маълум қилинишича, ноқонуний фаолият давомида 550 миллион сўмдан ортиқ маблағ турли криптоҳамён манзилларига ўтказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноятни такроран содир этган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-8-моддаси иккинчи қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Унга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган кучайтирилган жавобгарлик чоралари қўлланилмоқда.
Изоҳ