Давлат раҳбари Фарғона вилоятидаги «Янги Қува» маҳалласи мисолида бу ташаббуснинг аҳамиятини тушунтирди. Қайд этилишича, маҳаллада болалар боғчаси етишмаслиги сабабли 50 нафар бола қўшни маҳалладаги боғчага қатнаб юришга мажбур. Шу билан бирга, ҳудудда 70 сотих бўш ер майдони мавжуд.
Шу муносабат билан президент маҳалла раисларига бундай ер участкаларини ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун мустақил равишда аукционга чиқариш ваколатини беришни таклиф қилди.
Йиғилишда аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тартиби ҳам тақдим этилди. Унга кўра, маҳалла раиси ишсиз фуқаролар орасида ким тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида эканини, кимга кредит, ускуна ёки ер майдони зарурлигини аниқлайди. Шундан сўнг маҳалла банкирига аниқ вазифалар юкланади.
Шунингдек, ишсиз аҳоли томорқаларида гул кўчатлари етиштириш учун енгил иссиқхоналар қуриш тажрибаси ҳам мисол сифатида келтирилди. Бу орқали аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш ва бандлигини ошириш мақсад қилинган.
Изоҳ