• 12 076 сўм
    63.77
  • 13 800 сўм
    69.27
  • 157 сўм
    -0.82
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 076 сўм
    63.77
  • 13 800 сўм
    69.27
  • 157 сўм
    -0.82
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Технологиялар Бугун, 16:54

Икки астероидга ўзбекистонлик олимлар номи берилди

Астероидларга Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти ходимлари Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурҳонов номлари берилган. Халқаро астрономия иттифоқи уларнинг астероидларни ўрганишга қўшган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида шундай қарор қабул қилди.

74
0
Fanlar_akademiyasi

Халқаро астрономия иттифоқининг Кичик жисмлар номенклатураси қўмитаси (WGSBN) томонидан 9 июль куни эълон қилинган расмий баёнотга кўра, Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институтининг икки олими - Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурҳонов номлари иккита кичик сайёрага (астероидга) берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Эндиликда халқаро астрономик каталогларда ушбу осмон жисмлари (131358) Камолергашев ва (121339) Отабекбурхонов деб кўрсатилади.

Дастлаб халқаро каталогларда 2001 КА2 номи билан рўйхатга олинган астероид 2001 йил 19 майда чех астрономлари томонидан Чехиядаги Ондржев (Ondřejov) обсерваториясида кашф этилган. Унга Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев шарафига "Kamolergashev" номи берилган.

Номга берилган расмий изоҳда қайд этилишича, Камолиддин Эргашев 2007 йилда Астрономия институтида астероидлар тадқиқотига қўшилган ва 2024 йилда ушбу йўналиш бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган. Унинг илмий фаолияти астероидлар фотометрияси, ёруғлик эгри чизиқларини таҳлил қилиш, астероидларнинг физик хусусиятларини аниқлаш, шунингдек, жуфтликлар, кластерлар ва қўшалоқ астероид тизимларини ўрганишга бағишланган.

Дастлаб 1999 ТО15 вақтинчалик белгиси бўлган бошқа астероид 1999 йил 13 октябрда чехиялик астрономлар томонидан кашф этилган. Унга Астрономия институти лаборатория мудири Отабек Бурҳонов шарафига "Otabekburkhonov" номи берилган.

Расмий изоҳда айтилишича, Отабек Бурҳонов 2000 йилдан буён Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институтида фаолият юритиб келмоқда. 2005 йилда фан номзоди илмий даражасини олган. Унинг тадқиқотлари оптик фотометрияга бағишланган бўлиб, астероидларнинг ёруғлик эгри чизиқларини, ўзгарувчан юлдузларни, гравитацион линзаланган квазарларни ўрганишни, шунингдек, Майданак обсерваториясида гамма-чақнашларни кейинги оптик кузатишларни ўз ичига олади.

"Астероидларга олимлар номини бериш уларнинг илмий фаолияти ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини халқаро миқёсда эътироф этиш шаклларидан биридир. Тасдиқланган номлар халқаро астрономик номенклатурага киритилади ва кейинчалик илмий нашрлар, каталоглар ва эфемеридаларда объектларнинг расмий номлари сифатида қўлланилади," - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ иккала олим ҳам NASA'нинг сайёрани ҳимоя қилиш дастурини амалга оширишда фаол иштироки ва қўшган ҳиссаси учун "Group Achievement Award" мукофоти билан тақдирланган эди.

74
0

Изоҳ