Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 июль куни Ўзбекистон металлургия комбинатида янги қуйиш-прокатлаш мажмуасини ишга тушириш маросимида иштирок этди.
Президентимиз янги қуйиш-прокат мажмуаси Ўзбекистон металлургия комбинатида энергия тежамкор технологиялар ва рақамли ечимларни жорий этиш, меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифатини ошириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришини таъкидлади. Мажмуа юртимизда биринчи бўлиб иссиқлайин листли прокат ишлаб чиқариш лойиҳаси сифатида тарихга киради.
Мажмуа ишга туширилгач, йилига умумий қиймати 8 триллион сўм бўлган 1 миллион тонна иссиқлайин прокат листлари ишлаб чиқарилади. Бу Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг лист прокатга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, 1,2 мингта юқори даромадли иш ўринлари яратилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон металлургия комбинатини ривожлантириш бўйича келгуси режалар белгилаб олинди.
Комбинат эҳтиёжини маҳаллий хомашё ҳисобидан қоплаш биринчи галдаги вазифа бўлиши таъкидланди. Келгуси уч-тўрт йилда "Тебинбулоқ" конининг ишга туширилиши ҳисобига пўлат ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 1 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
"Сурун ота" кони рудасини бойитиш ҳисобига йилига 600 минг тонна темир рудаси хомашёси ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Уни қайта ишлаш учун комбинат ҳудудида қиймати $180 млн бўлган замонавий металлургия заводи қурилиши бошланади.
Келгуси уч йил ичида $30 млн миқдоридаги инвестициялар ҳисобига пўлат шарлар ишлаб чиқариш линиялари босқичма-босқич модернизация қилинади, бу эса уларнинг қувватини йилига 250 минг тоннадан 500 минг тоннагача ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, комбинат ҳудудида "Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки" ташкил этилади. Жорий йилнинг ўзида ушбу саноат паркида катта диаметрли қувурлар, кўприк кранлари ва филтрлаш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 70 миллион долларлик 6 та лойиҳани амалга ошириш бошланади.
Якунда Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, янги қуюв-прокат мажмуасини ишга туширди.
Изоҳ