ДХХ ва ИИО ходимлари ҳамкорлигида икки вилоятда ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний тарзда диний таълимотдан сабоқ бериш ҳолатлари аниқланди.
Сурхондарё вилоятининг Денов туманида истиқомат қилувчи, 1985 йилда туғилган муқаддам судланган фуқаро ҳеч қандай махсус диний маълумотга ва тегишли рухсатномага эга бўлмасдан жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ўз яшаш хонадонида 2011 ва 2019 йиллар оралиғида туғилган 22 нафар вояга етмаган болаларга сабоқ бериб келгани аниқланди.
Денов ва Олтинсой туманларидан келган болаларнинг ушбу манзилда санитария-гигиена талабларига зид ҳолатдаги шароитда яшаб, сабоқ олишлари учун 500 минг сўмдан 100 АҚШ долларигача бўлган миқдорда ойлик тўлов жорий этилган.
Фарғона вилояти Риштон туманида истиқомат қилувчи, 1971 йилда туғилган аёлнинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у жорий йилнинг май ойи охирларида Бағдод ҳамда Ёзёвон туманларидан келган, 2011 ва 2017 йиллар оралиғида туғилган 5 нафар вояга етмаган болаларга ҳеч қандай рухсатномасиз диний таълимотдан сабоқ бераётганлиги аниқланиб, ўқитиш жараёнида фойдаланилган адабиётлар текшириб кўриш учун ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур фуқароларга нисбатан ЖКнинг 229²-моддасининг 2-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болаларнинг ота-оналарига нисбатан эса МжТКнинг 47-моддасига мувофиқ маъмурий чора кўрилди ва тегишли профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Изоҳ