Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенко тор доирада ва расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.
Учрашувда сўнгги 5 йилда товар айирбошлаш ҳажми 3 баробар ошгани ва ўтган йил якунига кўра қарийб 1 миллиард долларга етгани таъкидланди. Жорий йил бошидан буён унинг ҳажми яна 30 фоизга ошди, 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Етакчилар куни кеча қабул қилинган, товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган Тадбирлар режасини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва бошқа тармоқларда янги кооперация лойиҳаларини олқишладилар.
Бундан ташқари, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш ва тегишли инфратузилмани барпо этиш соҳасида тажриба алмашишга қизиқиш билдирилди.
Томонлар халқаро тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати доирасида келгусида ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқладилар.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, делегациялар раҳбарлари иштирокида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Улар орасида:
- 2026-2030 йилларда савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
- Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган маслаҳатлашувлар дастури;
- 2005 йил 19 январда имзоланган Фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида баённома;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда ёллаш ва ишга жойлаштириш тўғрисида битим;
- Ўрмон хўжалигини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
- 2026-2028 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги ҳамкорлик дастури;
- Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Беларусь Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўртасида 2027-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича чора-тадбирлар режаси;
- 2026-2027 йилларда сайёҳлар оқимини ўзаро кўпайтириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;
- 2026-2028 йилларда агросаноат мажмуи соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича "йўл харитаси";
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ва Беларуснинг "БЕЛЛЕГПРОМ" давлат концерни ўртасида енгил саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ўртасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми;
- Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Беларус Республикаси Молия вазирлиги ўртасида молиявий масалалар бўйича ўзаро англашув меморандуми;
- Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Беларусь стратегик тадқиқотлар институти ўртасида Ўзбекистон-Беларус экспертлар кенгашини таъсис этиш тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги ўртасида агросаноат соҳасида инвеститсиявий ҳамкорликни ривожлантириш ниятлари тўғрисида меморандум;
- Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Беларусь Миллий фанлар академияси ўртасида илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми;
- Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва Беларусь Республикаси фундаментал тадқиқотлар жамғармаси ўртасида меморандум.
Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.
Изоҳ