Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари республиканинг тўртта ҳудудида банк ходимлари томонидан имтиёзли кредитларни талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлади.
Хусусан, Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида тижорат банкларидан бирининг Банк хизматлари марказининг 3 нафар ходими олдиндан тил бириктириб, 5 нафар фуқаро номига имтиёзли кредитлар расмийлаштириб, 146 млн сўмни ўзлаштирган.
Фарғона вилоятида тижорат банкларидан бирининг Риштон филиали мутасаддилари ва бошқа шахслар томонидан "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида 21 нафар фуқаро номига имтиёзли кредитлар расмийлаштирилди. Улар қарз олувчиларни хабардор қилмасдан, 747 млн сўм кредит маблағларини етказиб берувчи корхоналарнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб, ўзлаштирган.
Жондор туманида тижорат банкларидан бирининг собиқ раҳбари ва собиқ мутахассиси фуқароларга билдирмасдан уларнинг номига 110 млн сўм кредит расмийлаштириб, фирибгарлик йўли билан пулларни ўзлаштириб олган.
Қўштепа туманида тижорат банкининг собиқ бўлим бошлиғи фуқаронинг ишончига кириб, уй-жой сотиб олиш учун 240,5 млн сўмлик ипотека кредитини расмийлаштиришда ёрдам беришни ваъда қилган. У сохта кредит шартномасидан фойдаланиб, ажратилган маблағнинг 90 млн сўмини ўзлаштириб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ