Ижтимоий тармоқларда Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари олиб борилаётган пайтда оқова сув қувури шикастлангани ва натижада Салар каналига оқиб тушаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғининг топшириғига асосан тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойига олиб борилган. Унинг таркибига бошқарманинг Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгаришига мослашиш ва гидрометеорология йўналишлари бўйича таҳлилий лабораторияси мутахассислари ҳамда Яккасарой тумани экология инспекцияси давлат инспекторлари киритилди.
Текширув давомида аниқланишича, қурилиш ишлари давомида эҳтиётсизлик оқибатида оқава сувлар қувури шикастланган ва улар тўғридан-тўғри Салар каналига оқизилган.
Бошқарма таҳлилий лабораторияси мутахассислари томонидан каналдан сув намуналари олиниб, лаборатория текширувларига юборилди.
Қайд этилишича, лаборатория таҳлили якунлари ва текширув якунига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг аниқланган бузилишларига нисбатан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади. Текширув якунлари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Яккасарой туманидаги турар-жой мажмуаси қурилиш майдончасида йирик тупроқ ўпирилиши содир бўлган эди. Аварияга канализация тармоғи қисмидаги техник носозлик сабаб бўлган. Қувурнинг шикастланиши сув сизиб чиқишига олиб келди, бу эса грунтни ювиб, унинг чўкишига ва кейинчалик қулашига сабаб бўлди.
Изоҳ