• 12 005 сўм
    -16.57
  • 13 691 сўм
    -42.94
  • 157 сўм
    -0.53
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 005 сўм
    -16.57
  • 13 691 сўм
    -42.94
  • 157 сўм
    -0.53
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 10:06

30 йилдан ошган автомобиллар учун мажбурий экологик компенсация тўловини бекор қилиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда эски автомобилларни утилизация қилиш тизимини жорий этишга оид ҳукумат қарори лойиҳаси фуқароларнинг таклиф ва эътирозлари асосида қайта ишланди. Янгиланган лойиҳада 30 йилдан ошган автомобилар эгалари учун мажбурий экологик компенсация тўловини жорий этиш нормаси чиқариб ташланган.

96
0
Kim Lovenskjold

Аввалроқ мазкур қарор лойиҳасига кўра, 2026 йилдан бошлаб эски транспорт воситаларини бозор қийматида сотиб олиш ва уларни утилизация қилиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, белгиланган муддатда автомобилни утилизацияга топширмаган фуқаролардан ҳар йили 30 БҲМ (12,36 миллион сўм) миқдорида экологик компенсация ундириш таклиф қилинган эди.

Чиқиндиларни бошқариш ва сиркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилишича, жамоатчилик томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар инобатга олиниб, ҳужжат тубдан қайта ишланган.

Энг муҳим ўзгаришлардан бири сифатида 30 йил ва ундан катта ёшдаги автомобиллар эгалари учун 30 БҲМ миқдоридаги мажбурий экологик компенсация тўловини назарда тутувчи норма бекор қилинди. 

Янги тартибга мувофиқ, очиқ ва шаффоф тендерлар асосида автомобилларни баҳолаш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи мустақил корхоналар тармоғи ташкил этилади. Эски автомобиллар адолатли бозор қиймати бўйича баҳоланади. Ҳаракатланиш имкониятини йўқотган носоз транспорт воситалари ҳам улар турган жойнинг ўзида кўздан кечирилади.

Баҳолаш якунларига кўра, автомобил эгаси танлов асосида баҳоланган қийматда пул маблағини ёки махсус ваучерни олиши мумкин бўлади.

Мазкур ваучердан расмий дилерлар орқали янги автомобиль сотиб олишда бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш мумкин. Ваучер қиймати янги автомобиль нархидан айириб ташланади, қолган маблағни эса 2 йилдан 7 йилгача бўлган муддатда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Агар фуқаро ваучердан фойдаланишни истамаса, у бир ой ичида унинг қийматини нақд пул шаклида олиши мумкин. Шу билан бирга, автомобилларни баҳолаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи операторларнинг харажатларининг бир қисми утилизация йиғими маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Агентлик таклиф этилаётган тизимнинг афзалликларини мисол орқали ҳам тушунтирди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда расмий дилердан янги автомобиль сотиб олиш учун харидор, одатда, транспорт воситаси қийматининг камида 30–50 фоизи миқдорида бошланғич тўловни амалга ошириши, қолган суммани эса 3–5 йил давомида фоизлар билан тўлаши талаб этилади. Масалан, қиймати 165 миллион сўм бўлган Cobalt автомобилини харид қилиш учун камида 50 миллион сўм бошланғич тўлов тўлаш лозим.

Агентликнинг таъкидлашича, янги тизим айнан шу муаммони ҳал қилишга қаратилган. Масалан, фуқарода ГАЗ-24, «Москвич» ёки биринчи авлод Nexia автомобили мавжуд бўлса, унинг техник ҳолатига қараб бозор қиймати ўртача 5 миллиондан 70 миллион сўмгача баҳоланиши мумкин.

Ҳатто эски автомобиль энг паст — 5 миллион сўмга баҳоланган тақдирда ҳам, фуқаро 165 миллион сўмлик Cobalt автомобилни сотиб олишда бошланғич тўловни амалга оширмайди. Қолган 160 миллион сўмни 7 йил давомида ҳар ой 1,9 миллион сўмдан фоизсиз тўлаб боради ва муддат якунида янги автомобил эгасига айланади.

Агар эски автомобиль яхши техник ҳолатда бўлиб, 70 миллион сўмга баҳоланса, 7 йиллик бўлиб-бўлиб тўлаш шартида янги Cobalt учун ойлик тўлов 1,13 миллион сўмни ташкил этади.

96
0

Изоҳ