• 12 042 сўм
    68.15
  • 13 745 сўм
    44.26
  • 155 сўм
    0.21
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Uz
  • 12 042 сўм
    68.15
  • 13 745 сўм
    44.26
  • 155 сўм
    0.21
  • БҲМ
    412 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 271 000 сўм
Жамият Бугун, 12:16

Ўзбекистондан меҳнат миграцияси ва пул ўтказмалари таркибида Россия улуши қисқармоқда

Ўзбекистон фуқаролари ишлаш мақсадида тобора кўпроқ Туркия ва Жанубий Кореяга йўл олмоқда. Шу билан бирга, Қозоғистон, Жанубий Корея, Европа давлатлари ҳамда бошқа мамлакатлардан Ўзбекистонга келиб тушаётган пул ўтказмалари ҳажми ҳам ошиб бормоқда.

95
0
AI / uznews.uz

Марказий банкнинг меҳнат бозори бўйича шарҳига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга келиб тушган халқаро пул ўтказмалари ҳажми 3,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга кўпдир.

Шу билан бирга, пул ўтказмалари таркибидаги улушлар ҳам ўзгармоқда. Хусусан, Россиянинг умумий ўтказмалардаги улуши 2025 йил биринчи чорагидаги 77,6 фоиздан 2026 йил биринчи чорагида 72,4 фоизгача камайган. Бу тахминан 2,75 миллиард долларга тенг.

Марказий банк бу ҳолатни меҳнат муҳожирлари учун патент нархларининг ошиши, март ойида рубль курси қадрсизлангани ҳамда меҳнат миграцияси йўналишларининг кенгайиши билан изоҳлаган.

Айни пайтда бошқа мамлакатлар улуши ортиб бормоқда. Жумладан, Қозоғистоннинг улуши 3,1 фоиздан 4,1 фоизга (тахминан 155,8 миллион доллар), Жанубий Кореяники 3,5 фоиздан 4,1 фоизга (155,8 миллион доллар), Европа давлатлариники эса 2,3 фоиздан 3,3 фоизгача (125,4 миллион доллар) ошган.

Қолган давлатлар ҳиссасига эса умумий пул ўтказмаларининг 16,2 фоизи ёки тахминан 615,6 миллион доллари тўғри келган. Бир йил аввал бу кўрсаткич 13,6 фоизни ташкил этган эди.

Шунингдек, Россияда патент асосида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам камаймоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида уларнинг сони 1,34 миллион нафарни ташкил этган. Бу ўтган чоракка нисбатан 8,8 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 1,8 фоизга камдир. Марказий банк бу ҳолатни мавсумий омиллар ва ташқи меҳнат бозорларидаги ўзгаришлар билан боғламоқда.

Шу билан бирга, бошқа мамлакатларга меҳнат миграцияси ортиб бормоқда. Туркияда расмий ишлаш рухсатномасига эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари сони биринчи чоракда қарийб 70 минг нафарга етган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 14 фоизга кўпдир. Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари сони ҳам ўсишда давом этиб, 99,6 минг нафарга етган.

Умуман олганда, аҳолининг ташқи меҳнат мобиллиги ортиб бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида хорижга чиққан Ўзбекистон фуқаролари сони 1,63 миллион нафарни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,6 фоизга кўпдир.

95
0

Изоҳ