Ҳужжатга кўра, шаҳар хизматларига ёнғинларнинг олдини олиш ишларини кучайтириш, турар жойлар, иқтисодиёт объектлари ва коммунал инфратузилмада текширувлар ўтказиш топширилди. Айниқса, кондиционерлар ва бошқа маиший электр жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши назорат қилинади.
Шунингдек, ёнғинлар, ис газидан заҳарланиш ва газдан фойдаланиш билан боғлиқ аварияларнинг олдини олиш мақсадида хонадонма-хонадон юришлар ташкил этилади. Хусусий уйлар ва кўп қаватли биноларда электр тармоқлари, газ жиҳозлари, сув иситгичлари, мўрилар ва вентиляция тизимларининг ҳолати текширилади. Аниқланган носозликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилади.
Шаҳар кўчаларида, жамоат транспортида ҳамда электрон таблоларда ёнғин хавфсизлиги бўйича эслатмалар, видеороликлар ва бошқа тарғибот материаллари мунтазам намойиш этилади. Бундан ташқари, ёнғин гидрантлари ва сув захиралари соз ҳолатда сақланиши таъминланади, сув таъминоти чекланган ҳудудларда эса сув ташувчи автомашиналарнинг суткалик навбатчилиги ташкил этилади.
Бозорлар, савдо ва кўнгилочар мажмуаларида трансформаторлар, тақсимлаш қалқонлари, сим ва кабелларнинг ҳолати текширилади. Кабель маҳсулотлари лаборатория синовларидан ўтказилиб, эскирган ва шикастланган электр тармоқлари алмаштирилади.
Бозорлар ва умумий овқатланиш объектларида овқат тайёрлаш учун маиший суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланади. Шунингдек, объектларнинг газ тармоқларига уланиши ва хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади. Хусусан, куннинг энг иссиқ пайти — соат 11:00 дан 17:00 гача бензин ва газ қуйиш шохобчаларида йирик резервуарларга ёқилғини тушириш ва қуйиш ишларини амалга ошириш тақиқланади.
Тошкент шаҳар ИИББ, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда туман ҳокимликлари ёнғин ўчириш техникаси ва тез ёрдам автомашиналарининг ҳаракатига тўсқинлик қилаётган ноқонуний шлагбаумлар ва бошқа тўсиқларни аниқлаш билан шуғулланади.
Бундан ташқари, шаҳар хизматларига ҳудудларни қуруқ ўсимликлар, бегона ўтлар ва ёнғин чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган маиший чиқиндилардан тозалаш вазифаси юклатилди. Ёзги таътил даврида кундузги оромгоҳлар фаолият юритаётган Тошкентдаги 47 та мактабда алоҳида хавфсизлик чоралари кўрилади.
Изоҳ