22 июнь куни қабул қилинган қонун билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритилди.
Мазкур ўзгартишларга кўра, қуйидаги Жиноят кодекси моддаларида назарда тутилган қилмишлар коррупцияга оид жиноятлар деб эътироф этилди:
• Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «д» банди — хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш;
• 168-модда 4-қисми «г» банди — хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик;
• 192-11-модда 2-қисми «в» банди — нодавлат тижорат ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг ғаразли мақсадларда ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши;
• 205-модда 2-қисми «в» банди — ғаразли мақсадларда ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш;
• 206-модда 2-қисми «в» банди — ғаразли мақсадларда ҳокимият ёки мансаб ваколатларидан четга чиқиш;
• 208-модда 2-қисми — ҳокимиятнинг ҳаракатсизлиги;
• 209-модда 2-қисми «в» банди — ғаразли мақсадларда содир этилган мансаб сохтакорлиги;
• 192-9-модда — тижорий пора эвазига оғдириш;
• 192-10-модда — нодавлат тижорат ёки бошқа нодавлат ташкилоти хизматчисини пора эвазига оғдириш;
• 210-модда — пора олиш;
• 211-модда — пора бериш;
• 212-модда — пора бериш-олишда воситачилик қилиш;
• 213-модда — давлат органи, давлат улуши мавжуд ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисини пора эвазига оғдириш;
• 214-модда — давлат органи, давлат улуши мавжуд ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчиси томонидан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаатларни ноқонуний олиш;
• 214-1-модда — спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчилари томонидан моддий қимматликлар ёки мулкий манфаатларни ноқонуний олиш;
• 214-2-модда — спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириш;
• 301-модда 2-қисми «б» банди — ғаразли мақсадларда ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ваколатдан четга чиқиш ёки ҳаракатсизлик қилиш.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 243-моддасида назарда тутилган жиноят — жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, агар у коррупцияга оид жиноятлар натижасида олинган даромадларни ювиш билан боғлиқ бўлса, коррупцияга оид жиноят сифатида баҳоланади.
Қонунга мувофиқ, ўзлаштириш, растрата ёки фирибгарлик учун судланган шахслар жиноят натижасида етказилган зарарни тўлиқ қопламаган тақдирда, уларга нисбатан шартли равишда муддатидан илгари озод қилиш тартиби қўлланилмайди.
Изоҳ