Саида Мирзиёеванинг Telegram-каналида маълум қилишича, форум Ўзбекистон ва АҚШ молиявий институтлари ўртасидаги амалдаги лойиҳаларни муҳокама қилиш ҳамда ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун муҳим майдон бўлди.
Музокараларда Ўзбекистон ва АҚШнинг қўшма инвестиция платформасини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ташаббус Америка инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг стратегик тармоқларига жалб қилиш ва йирик инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг муҳим механизмларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Томонлар энергетика, транспорт инфратузилмаси, рақамли иқтисодиёт ва замонавий технологиялар соҳаларидаги лойиҳаларни муҳокама қилди. Шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва узоқ муддатли молиялаштиришни жалб қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Қўшма платформа ташкил этилиши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида аввал эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлди. Кутилишича, янги механизм халқаро молиявий институтлар ва Америка бизнеси иштирокидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини тезлаштиради.
Саида Мирзиёева таъкидлаганидек, америкалик ҳамкорлар ишбилармонлик кун тартибидан ташқари Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросига ҳам катта қизиқиш билдирмоқда.
Изоҳ