Дам олиш кунларида ҳам республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво кузатилади. Фақат мамлакатнинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Каспий денгизи томонидан нисбатан нам ҳаво оқимлари кириб келади.
13 июнь куни Қорақалпоғистонда, 14 июнь куни кечаси ва эрталаб Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм вилоятида, куннинг иккинчи ярмида эса Бухоро ва Навоий вилоятларининг айрим ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳафта охирида ҳаво ҳарорати +36...+38 даражагача кўтарилади. Чўл ҳудудларида +40, мамлакатнинг энг жанубий қисмида эса +42 даражагача исиши кутилмоқда.
Шарқий шамол секундига 7–12 метр тезликда эсади, айрим жойларда 13–18 м/с гача кучайиши ва чанғ-тўзон кузатилиши мумкин. Шимолий ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги баъзан 20–22 м/с гача етади.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир, момақалдироқ кузатилиши, шунингдек сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкин.
Тошкент шаҳрида 12–14 июнь кунлари кам булутли ва ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланади. Жума куни ҳаво +33...+35 даража, шанба ва якшанба кунлари эса +36...+38 даражагача исийди. Кечаси ҳаво ҳарорати +20...+23 даража атрофида бўлади.
Пойтахтда шамол тезлиги 3–8 м/с ни ташкил этади, айрим вақтларда 10–12 м/с гача кучайиши ва шаҳарнинг баъзи ҳудудларида чанғ-тўзон кузатилиши мумкин.
Изоҳ