«HKG TVB News Today» телеканали Гонконг ва Ўзбекистон ўртасида визасиз режим муддати узайтирилаётгани, икки мамлакат ўртасида тўғридан-тўғри рейсларни йўлга қўйиш кутилётгани, шунингдек, Гонконг сайёҳлик агентликлари икки томонлама туризмни ривожлантиришга катта умид билан қараётгани ҳақида материал эълон қилди.
«Жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон пойтахти Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг ноёб архитектура тимсолига айланди. У технологик ютуқларни ўз ичига олган ҳолда анъанавий ислом эстетикасини намоён этади. Унинг коллекциясида бизгача етиб келган дунёдаги энг қадимий қўлёзмалардан бири бўлган Қуръони каримнинг “Усмон мусҳафи” мавжуд», дейилади кўрсатувда.
Материалда Хитойдан Ўзбекистонга келган сайёҳ Ни хонимнинг фикрлари ҳам келтирилган:
«Ислом цивилизацияси марказининг қурилиши исломий анъаналар асосида амалга оширилган. Унинг нақшлари ва безаклари жуда мураккаб бўлиб, бу Хитой архитектурасидан кескин фарқ қилади».
«Ўзбекистонда ўзига хос архитектурани деярли ҳамма жойда учратиш мумкин, жумладан, метро станцияларида ҳам. Тошкент Марказий Осиёдаги энг қадимий ва энг узун метро тизимларидан бирига эга. Шунингдек, пойтахтда 375 метр баландликдаги телеминора мавжуд бўлиб, у сайёҳлар учун кузатув майдончаси вазифасини ҳам бажаради.
Ўзбекистон сўнгги йилларда виза тартибини енгиллаштириш ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш орқали туризм индустриясини жадал ривожлантирмоқда. Ўтган йили мамлакат 11 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳни қабул қилди.
Хитой Халқ Республикасининг Сянган (Гонконг) махсус маъмурий ҳудуди администрацияси раҳбари Ли Сзячао бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи давомида сайёҳлар учун визасиз муддатни 10 кундан 30 кунгача узайтиришга келишиб олинди. Шунингдек, икки давлат авиакомпаниялари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга ҳам эришилди.
Визасиз муддатни 30 кунгача узайтириш жуда фойдали бўлади, чунки сайёҳлар учун одатда 10 кун етарли эмас. Агар келажакда Тошкентга тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилса, бу сайёҳлик гуруҳлари учун жуда қулай бўлади. Ҳозирда гонконгликлар орасида Ўзбекистонга саёҳат қилувчилар сони кам, чунки улар бошқа мамлакатлар орқали транзит парвозлар билан боришни хуш кўрмайди», дейилади материалда.
Шунингдек, кўрсатувда Гонконг сайёҳлик агентликлари ассоциацияси президенти Йип Хингнинг интервьюси ҳам берилган:
«Яқин Шарқдаги урушлар бошланганидан кейин биз ушбу йўналишни ривожлантириш устида ишлашимиз кераклигини англадик. Саёҳат қилишда энг муҳими хавфсизликдир. Мен Ўзбекистон жуда хавфсиз мамлакат эканини кўрдим. Ҳатто кечаси меҳмонхонадан ташқарига чиқишдан ҳам хавотир олишга ҳожат йўқ».
Маълумот учун, жорий йилнинг 6 июнь куни мамлакатимизга Гонконгдан 70 нафардан ортиқ туризм компаниялари вакиллари ташриф буюрди. Ташриф давомида делегация аъзолари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларининг туризм салоҳияти билан таништирилди.
Маълумки, Гонконг Осиё минтақасининг энг йирик молиявий, бизнес ва логистика марказларидан бири ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон учун мазкур ҳудуд нафақат туризм бозори, балки инвестициялар ва халқаро ҳамкорлик нуқтаи назаридан ҳам муҳим стратегик йўналиш саналади.
Изоҳ