Қўмита маълумотига кўра, OLX Classifieds OLX бренди остида онлайн эълонлар платформасини бошқаради.
Таҳлил жараёнида Tapuz Limited компаниясининг асосий акциядори бўлган TBC Bank Group PLC Ўзбекистондаги TBC Bank Uzbekistan рақамли банки ва Payme тўлов хизматига билвосита эгалик қилиши инобатга олинган. Шунингдек, Payme ва OLX рақамли платформалар бозорида устун мавқега эга компаниялар реестрига киритилгани қайд этилган.
Шу билан бирга, Tapuz Limited Ўзбекистонда онлайн эълонлар соҳасида фаолият юритувчи бошқа компанияларда улушга эга эмаслиги аниқланган.
Таҳлил якунларига кўра, қўмитанинг махсус комиссияси иқтисодий концентрация бўйича битимни дастлабки тарзда маъқуллади ва қатор мажбурий шартларни белгилади.
Жумладан, TBC гуруҳи назоратидаги бошқа рақамли платформалар орқали OLX фойдаланувчилари учун асоссиз чекловлар жорий этиш тақиқланди. Шунингдек, OLX орқали тўпланган маълумотлардан рақобатни чеклаш ёки TBC Bank ҳамда Payme учун ноқонуний устунлик яратиш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Компанияга рақобатчи ташкилотлар мижозларининг шахсий ёки тижорат маълумотларини ошкор қилиш, бозордаги устун мавқеини суиистеъмол қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклаш ҳам тақиқланди.
Бундан ташқари, OLX фойдаланувчиларига фақат Payme ёки TBC Bank хизматларини мажбурий тарзда таклиф қилиш мумкин эмас. Компания рақобатчи тўлов сервислари учун ҳам тенг шарт-шароитларни таъминлаши ва рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилиши шарт.
Изоҳ