Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ҳарбий хизматчиларнинг мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳужжатда моддий таъминот, сифатли тиббий хизмат, уй-жой билан таъминлаш, мажбурий давлат суғуртаси, пенсия таъминоти, шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида жароҳат олиш ёки ҳалок бўлиш ҳолатларида компенсация тўлаш каби муҳим кафолатлар қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.
Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қонун лойиҳасида қатор янги имтиёзлар назарда тутилган. Жумладан, камида 20 йил хизмат стажига эга бўлиб, ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбийларга йилига бир марта имтиёзли асосда санаторий-курорт муассасаларига йўлланма олиш имконияти берилади.
Бунда йўлланма қийматининг 25 фоизи ҳарбий хизматчининг ўзи томонидан тўланади, қолган 75 фоизи эса тегишли вазирлик ва идораларнинг бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчиларга йилига бир марта 100 БҲМгача — 41,2 млн сўм миқдорида моддий ёрдам тўлаш имконияти ҳам назарда тутилган.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳаси ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳарбий хизмат нуфузини ошириш ҳамда Ватан ҳимоячилари ва уларнинг оила аъзолари учун ишончли кафолатлар яратишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Изоҳ