Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи доирасида Осиё тараққиёт банки президенти Масато Канда бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар Ўзбекистоннинг ОТБ билан кенг кўламли ҳамкорлигини кенгайтиришнинг амалий жиҳатларини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон Президенти ва ОТБ раҳбари саммит доирасида имзоланган ОТБ билан 2030 йилгача бўлган янги Шериклик дастурига киритилган 12,5 миллиард долларлик лойиҳаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.
Шунингдек, ипотека бозори, хусусий сектор, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, инклюзив таълим ва инсон капиталини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни илгари суриш, рақамли инновацияларни жорий этиш, махсус иқтисодий зоналарда инфратузилмани модернизация қилиш каби йўналишларда биргаликда ишлашга келишиб олинди.
Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилма лойиҳаларини, шу жумладан маблағларни сафарбар этишда банкнинг етакчи ролини кучайтириш орқали илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва ОТБ ўртасида 2030 йилгача бўлган ҳамкорлик дастурини алмашиш маросими бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон ва ОТБ лойиҳалари портфели қарийб 16 миллиард долларга етмоқда, бу эса мамлакатни операциялар ҳажми бўйича банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорларидан бирига айлантиради.
Изоҳ