2025 йилда тижорат банклари томонидан 21,2 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 4,1 трлн сўмга ёки 24 фоизга кўпдир.
Маълумотларга кўра, бирламчи бозордан уй-жой хариди учун ажратилган кредитлар улуши 11 фоиз пунктга ошиб, 72 фоизга етган. Иккиламчи бозорда эса аксинча пасайиш кузатилган.
2025 йилда ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси тахминан 21 фоизни ташкил этган. Банк маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитлар бўйича ставка 2024 йилдаги 24,8 фоиздан 23,4 фоизгача пасайган. Бу рақобатнинг кучайиши билан изоҳланмоқда.
Ҳудудлар кесимида ипотека кредитларининг энг катта улуши Тошкент шаҳрига (32 фоиз), Андижон (7 фоиз) ва Фарғона (7 фоиз) вилоятларига тўғри келган. Энг кам кўрсаткичлар Сирдарё (2 фоиз) ва Жиззах (3 фоиз) вилоятларида қайд этилган.
Ипотека кредитлари таркибида 300–400 млн сўмлик (41,9 фоиз) ва 400 млн сўмдан юқори (25,8 фоиз) қарзлар улуши ошган.
Шунингдек, 10–20 йил муддатга бериладиган узоқ муддатли кредитлар улуши кўпайган, 10 йилгача бўлган кредитлар улуши эса 4 фоизга камайган.
Марказий банк маълум қилишича, бошланғич тўлови 50 фоиздан юқори бўлган қарз олувчилар улуши 22 фоизга етган. Бу аҳолининг молиявий имкониятлари яхшиланганини кўрсатади.
2025 йилда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган 20,5 минг нафар фуқаро 6,2 трлн сўмлик давлат қўллови асосида ипотека кредитларини олган. Уларнинг умумий ипотекадаги улуши 29 фоизга етган.
Шу билан бирга, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитлари ҳажми давлат дастурлари улуши ошгани сабабли камайган. Бундай кредитларнинг 68 фоизи асосан иккиламчи бозордан уй-жой харидига йўналтирилган.
Изоҳ