Урбанизация қўмитаси раҳбари ва Давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси Шерзод Кудбиев атрофидаги соат билан боғлиқ муҳокамалардан сўнг видео мурожаат билан чиқди.
Аввалроқ президент селектор йиғилишида унинг қўлидаги соатга эътибор қаратилган эди. Тахминларга кўра, бу Breguet Marine Chronographe 5527 бўлиб, унинг қиймати 50 минг доллар атрофида баҳоланган.
Ижтимоий тармоқда видео тарқалгандан сўнг, журналист Илёс Сафаров ушбу ҳолатга муносабат билдириб, давлат хизматчилари жамоатчилик олдида очиқ бўлиши демократик жамиятнинг табиий талаби эканини таъкидлади. Унинг фикрича, амалдорларнинг мол-мулки ва даромад манбалари бўйича саволлар қўйилиши шахсий ҳаётга аралашиш эмас, балки коррупцияга қарши назоратнинг бир кўриниши ҳисобланади.
Сафаров шунингдек, агар соат ҳақиқатдан ҳам Breguet Marine Chronographe 5527 бўлса, унинг қиймати юқори эканини, аммо у мерос сифатида қолган бўлиши мумкинлигини қайд этди. Шу билан бирга, у вазиятга ўз вақтида аниқ изоҳ берилмагани жамоатчиликда турли шубҳаларни кучайтирганини урғулади.
"Эшитишимча, бу соат Кудбиевга икки йилча аввал вафот этган отаси Давлат Кудбиевдан мерос қолган. У киши ўз вақтида Самарқанддаги Иқтисодиёт ва сервис институтида профессор бўлиб ишлаган, турли ташкилотларда ҳисобчи сифатида фаолият юритган зиёли ва ўзига тўқ инсон эди. Мерос муқаддас ва у нархи билан ўлчанмайди. Аммо Кудбиев бу вазиятда изоҳ бермасликни танлади. Оқибатда у жамоатчилик кўзида бу соатни мерос сифатида эмас, балки “халқ ризқи” ҳисобидан таққан амалдор сифатида кўриниб қолди, бу эса бошқа амалдорларга нисбатан ҳам шубҳаларни кучайтирди", - ёзади журналист.
Шундан сўнг, Кудбиевнинг ўзи мазкур ҳолат юзасидан мурожаат қилиб, унда соат у учун «қадрли эканини ва кўп нарсаларни эслатишини» таъкидлади. У, шунингдек, журналист Илёс Сафаровнинг бу соат отасидан мерос қолгани ҳақидаги фикрига ишора қилди.
"Бу соат менга жуда қадрли, кўп нарсани эслатади. Лекин қандай бўлишидан қатъи назар, давлат хизматчиси, аввало, камтар бўлиши керак. Айниқса, йиғилишлар ва расмий учрашувларда давлат хизматчиси этикасига қатъий риоя қилиш зарур. Бу ҳолат мен учун шахсан катта хулоса бўлди", - дейди у.
Изоҳ