Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) Тошкентда ўз офисини очади ва авиаташувлар савдоси бўйича ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини ишга туширади, деб хабар бермоқда UzNews.uz мухбири.
Тадбирда Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва IATA'нинг Европа бўйича минтақавий вице-президенти Рафаэл Шварцман иштирок этди.
"Ўзбекистон Марказий Осиёда йўловчи ва юк ташиш бўйича етакчи ўринни эгаллаган ўсиб бораётган бозор ҳисобланади. IATA офиси ва мамлакатда BSP'нинг жорий этилиши хавфсизлик даражаси ва операцион самарадорликни ошириш орқали ҳаво транспорти ривожланишини стратегик қўллаб-қувватлайди," - деди Рафаэл Шварцман.
IATA'нинг Тошкентда бўлиши ташкилот экспертлари Ўзбекистон авиакомпаниялари ва аэропортлари учун жисмонан мавжуд бўлишини англатади.
Шунингдек, жорий йил охирига қадар авиакомпаниялар ва сайёҳлик агентликлари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг глобал тизими - Billing and Settlement Plan ишга туширилади.
Қайд этилишича, BSP'нинг ишга туширилиши ўзбекистонлик ташувчиларга аккредитациядан ўтган агентликларнинг глобал тармоғига кириш имконини беради, бу эса хориждаги чипталар савдосига бевосита таъсир кўрсатади.
"Шуни таъкидлаш керакки, BSP Ўзбекистон авиакомпанияларига глобал миқёсда молиявий транзаксияларни самарали ва минимал харажатлар билан қайта ишлаш имконини беради, шу билан бирга жаҳон бозорларида авиаташувларни амалга ошириш имкониятини яратади," - дея қўшимча қилди Шварцман.
Ташкилотнинг 2025 йил ноябрь ойида эълон қилинган сўнгги тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда авиация ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 0,9 фоизини ташкил этади ва турдош тармоқлар, туризм ва таъминот занжирларини ҳисобга олган ҳолда 128 000 дан ортиқ иш ўрнини таъминлайди. 2024-2050 йилларга мўлжалланган прогнозга кўра, Ўзбекистонда йўловчи-километрлар сони йилига 3,3 фоизга ўсиши кутилмоқда, бу эса глобал кўрсаткичдан - 3,1 фоиздан бироз юқоридир.
IATA парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, парвозларни амалга ошириш, тариф сиёсати, техник хизмат кўрсатиш, авиация хавфсизлиги, халқаро стандартларни ишлаб чиқиш каби соҳаларда ҳаво транспорти соҳаси манфаатларининг мувофиқлаштирувчиси ва вакили ҳисобланади.
Изоҳ