Ижтимоий тармоқларда икки нафар мактаб ўқувчиси пиёдалар ўтиш жойига яқин ҳудудда йўлни кесиб ўтаётгани акс этган видео тарқалди. Шу пайтда Damas ҳайдовчиси болалардан бирини уриб юборган ва ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Ҳодиса 20 апрель куни Олмазор туманидаги Келес йўли кўчасида содир бўлган.
Тошкент шаҳар ИИББда Damas ҳайдовчисининг шахси аниқланди. У 19 ёшли йигит бўлиб, ҳолат юзасидан изоҳ берган.
«Мен болаларни кўрдим ва уларга сигнал бердим. Йўлни кесиб ўтаётган болалардан бири тўхтади. Шундан кейин орқамдан сигнал чалишди, мен чалғиб, марказий ойнага қарадим. Орқада парда бор эди, кейин ён ойнага қарамоқчи бўлдим, шу пайтда бола югуриб чиқди. Мен тормозни босишга ва рулни буришга улгурдим, лекин барибир машинанинг ён қисми билан тегиб кетдим.
Мен ҳайдовчилик гувоҳномасини энди бир ҳафта олдин олгандим. Жуда қўрқиб кетдим, шок ҳолатида эдим. Ҳатто тормозни ҳам тўғри босолмадим, оёғим бўйсунмади ва инерция билан ҳаракатни давом эттирдим. Кейин йўл четида тўхтаб, яқиндаги ёқилғи қуйиш шохобчасига бордим ва ўзимга келдим. Шундан сўнг қайтиш учун жой излаб, орқага йўл олдим. Қайтиб келаётганимда тез ёрдам ўтиб кетганини кўрдим. Унинг ортидан бордим, лекин кўздан йўқотдим. Кейин Келес ЙҲХБга бориб, ҳолат ҳақида хабар бердим», — деди у.
Ҳозирда мазкур ЙТҲ бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 133-моддаси ва 137-моддаси бўйича баённомалар расмийлаштирилган.
Матбуот хизматига кўра, агар пиёданинг жароҳати енгил бўлса, иш маъмурий тартибда кўриб чиқилади, агар оғир бўлса — жиноий иш қўзғатилиши мумкин.
Изоҳ