Тошкент шаҳридаги Республика болалар онкологияси марказига амалга оширилган қўшма ташриф чоғида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус Zamin жамғармаси фаолиятини юқори баҳолади. Ушбу жамғармага Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева раҳбарлик қилади.
Тедрос Гебрейесус Зироат Мирзиёевани болалар онкологиясига қарши кураш ва саратони аниқланган болалар ҳаётини яхшилаш соҳасида етакчи сифатида таърифлади. Унинг таъкидлашича, айнан унинг раҳбарлигида жамғарма болалар онкологиясида тиббий хизматларни кенг миқёсда яхшилашда ҳамда мамлакат бўйлаб “Mehrli Maktab” госпитал мактаблари тармоғини яратишда муҳим ўрин тутган.
«Ушбу муассасалар орқали биринчи хоним, тиббиёт ходимлари ва педагоглар саратони бор болаларга зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиб, уларнинг касалликни енгиши ва орзуларини амалга оширишига шароит яратмоқда», — деди ЖССТ раҳбари.
У шунингдек, мазкур муассасаларда даволанаётган бир қатор болалар билан учрашганини айтди.
«Улар орасида ўтган йили Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида болалар саратонига бағишланган тадбирда мен ва биринчи хоним билан иштирок этган, саратонни енгган Самира, шунингдек келажакда таржимон бўлишни орзу қилаётган истеъдодли рассом Дилнавоз ҳам бор», — дея қўшимча қилди Тедрос Гебрейесус.
У ЖССТ томонидан онкологик касалликка чалинган болаларга ёрдам кўрсатиш ва минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги қўллаб-қувватлаш давом эттирилишини тасдиқлади.
Изоҳ